Исроил ҳужуми оқибатида Ғазо секторидаги Индонезия шифохонаси директори Марван Султан ва унинг айрим оила аъзолари ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, яҳудий ҳарбийлари Марван Султаннинг уйига ҳаво ҳужумини амалга оширган. Марҳум тиббиёт соҳасида узоқ вақт фаолият олиб борган эди.
Бу тиббиёт ходимларимизга қарши қилинган жирканч жиноят, дейди Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Исроил ҳарбийлари ҳужумга изоҳ берар экан, ҲАМАСга алоқадор “муҳим террорчи”га зарба берилгани айтилган. Ҳозирда ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ўрганилмоқда.
Индонезия шифохонаси уруш бошланганидан буён бир неча бор ҳужумларга учраган. Шундан сўнг унинг фаолияти тўхтатилган эди. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда Ғазо шимолида фаолият юритадиган касалхоналар қолмаган. Исроил ҳарбийлари касалхоналар ва гуманитар ёрдам гуруҳларини нишонларга олиб келмоқда.
Изоҳ (0)