Қашқадарё вилояти ИИБ Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар қарз олди-бердиси сабаб бир фуқарони калтаклаган ҳолати бўйича маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда 26 июль куни Қарши шаҳрида Nexia-2 русумли давлат рақам белгисисиз автомашинада бир гуруҳ шахслар томонидан бир нафар фуқарони қўрқитиб қўйиш мақсадида “самосуд” қилингани тасвирланган видео тарқалди.
Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ички ишлар органлари ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Аниқланишича, шаҳарнинг “Темирйўлчи” маҳалласида яшовчи фуқаро С. таниши А.дан қарз олиб, пулини қайтармасдан келган. Натижада қарз берган фуқаро июнь ойи ўрталарида икки нафар таниши билан фуқаро С.ни қўрқитиб қўйиш мақсадида уни калтаклаган ва ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда 15 ёшли болани “самосуд” қилган шахс 1,5 йилга қамалгани, Самарқандда боғ эгаси олма ўғирлаётган болаларнинг отаси томонидан “самосуд” қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)