Тошкент шаҳрида сифатсиз дори воситалари тўхтатиб қолинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган фуқаро 72 000 дона тиббий буюмларни 111 миллион сўмга сотишга келишиб, олдиндан 30 миллион сўм олган вақтида ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг яшаш хонадони ва автотранспорт воситасини кўздан кечириш жараёнида, жами 240 миллион сўмлик 29 хил номдаги 72 389 дона тиббий буюмлар ва “Магникум”, “Релок”, “Дизентерон” ва бошқа шу каби 867 қути дори ва биологик актив қўшимчалар сотиш мақсадида сақланаётгани аниқланган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” Давлат муассасасининг тегишли хулосасига кўра, мазкур дори воситалари сифатсиз ва сақлаш шароитига амал қилинмаган бўлиб, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади.
Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
22 июль куни Бухорода сотилаётган оздирувчи қаҳвалар таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар аниқланганди. “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, мазкур дори воситалари таркибида сибутрамин моддаси мавжуд бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига кўра сибутрамин кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.
Изоҳ (0)