Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик нафақалари миқдорини маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг июль ойи ҳолатига Ўзбекистонда ёшга доир нафақа тайинланган фуқаролар сони 79 238 нафарни ташкил этди. Ногиронлик нафақаси олувчилар 303 730 нафар, боқувчисини йўқотганлик нафақаси тўланаётганлар 54 177 нафарга етган. Агентлик хабарига кўра, мазкур кўрсаткич жорий йилнинг июнь ойига нисбатан 2 928 нафар (0,7 фоиз)га ошган.
Айни пайтда республикада ёшга доир нафақа аёлларга 60 ёшдан, эркакларга 65 ёшдан тайинланад. Мазкур турдаги нафақанинг бир ойлик миқдори 648 000 сўмни ташкил этади.
Ногиронлик нафақаси эса:
- 1-гуруҳ ногиронларига 893 000 минг сўм;
- 2-гуруҳ ногиронларига 800 000 минг сўм миқдорида тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 648 000 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 212 000 минг сўмдан қўшиб нафақа тўланади.
Агентлик, қўшимча маълумотларни 1140 қисқа рақамлари орқали ёки “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидан олиш мумкинлигини эслатиб ўтган.
Маълумот учун, 2024 йил январь–март ойларида Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун давлат бюджетидан 4,3 триллион сўм ажратилди. Бунда ижтимоий нафақа олувчи оилалар ўртача сони 1 миллион 736 мингтани ташкил этди. Шундан 1 миллион 677 мингтаси болалар нафақаси, 58,9 мингтаси моддий ёрдам олган. Нафақа тўловлари учун жами 2 триллион 463 миллиард сўм йўналтирилган. Шундан 2,4 триллион сўми кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, 67,5 миллиард сўми моддий ёрдам тўловлари учун ажратилган. Биринчи чоракда ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони жами оилаларга нисбатан 17,8 фоизни ташкил этган.
2024 йил май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этади. Пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори ҳам мазкур кўрсаткич билан тенглаштирилади.
Изоҳ (0)