Жорий йилнинг июнь ойи давомида давлат бюджетининг даромадлари 23,2 трлн сўмни, харажатлари эса 27,9 трлн сўмни ташкил этган. Июль ойидаги давлат бюджетидаги дефицит — 4,6 триллион сўм. Бундан ташқари, иқтисодчи Отабек Бакиров 2024 йил ярим йиллик якунлари бўйича давлат бюджети даромадлари 115,8 трлн сўмни, харажатлари эса 149,8 трлн сўмни ташкил қилганини ёзиб, ярим йилликдаги жами давлат бюджетидаги дефицит 34 трлн сўм эканлигини таҳлил қилди. Хўш, нега давлат бюджетида бундай миқдорда дефицит шаклланмоқда?
“Дарё” ушбу савол билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юзланди.
Вазирликнинг таъкидлашича, ойнинг дастлабки декадасида кечиктириб бўлмайдиган биринчи даражали харажатлар бўлгани ва даромадлар эса ой давомида келиб тушганлиги боис ойнинг дастлабки кунларида бюджет харажатлари даромадларига нисбатан кўпроқ бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь—июнь ойларида Давлат бюджети даромадлари 121,0 трлн сўмни, Давлат бюджети харажатлари 149,8 трлн сўмни, жумладан, июнь ойининг дастлабки 10 кунлигида Давлат бюджети даромадлари 4,1 трлн сўмни, харажатлари эса 13,2 трлн сўмни ташкил этди.
Хусусан июнь ойининг биринчи декадасида қуйидаги харажатлар амалга оширилди.
- 7,9 трлн сўм – иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича;
- 2,5 трлн сўм – Пенсия жамғармаси учун трансферт ва ижтимоий нафақалар тўлаш учун;
- 730 млрд сўм – давлат қарзининг сўндириш учун;
- 340 млрд сўм – Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертлар.
Шу билан бирга июнь ойида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари мавсумий меҳнат таътилига чиқишлари сабабли уларга таътил пулларини тўлаш учун 3,1 трлн сўм маблағ молиялаштирилган.
Бундан кўриниб турибдики, ойнинг дастлабки декадасида кечиктириб бўлмайдиган биринчи даражали харажатлар амалга оширилган, даромадлар эса ой давомида келиб тушади (қолган ойларда ҳам ушбу ҳолатни кузатиш мумкин), шунинг натижасида ойнинг дастлабки кунларида бюджет харажатлари даромадларига нисбатан кўпроқ бўлади.
Маълумот учун, Давлат бюджетига даромадларнинг тушиши ой давомида турли даврда бўлади (жумладан, давлат бюджети даромадларида энг катта улушга эга бўлган фойда солиғи ва қўшилган қиймат солиғи ҳар ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тўланади).
Вазирликнинг қўшимча қилишича, бюджет тақчиллиги “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 2024-молия йили учун тасдиқланади ва ойлар кесимида шакллантирилмайди. Шу сабабли ҳар ойнинг аниқ санасига ёки ой якунлари билан бюджет тақчиллиги қандайдир кўрсаткич билан ўлчаниши нотўғри тушунча ҳисобланади.
“2024 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг кутилаётган прогноз кўрсаткичига нисбатан 4 фоиз миқдори тасдиқланган бўлиб, унинг ижроси ҳам йил якунлари бўйича аниқланади”, – дейилган Молия ва иқтисодиёт вазирлиги жавобида.
“Дарё” иқтисодчи Тўлқин Бобоқуловдан ҳам давлат бюджетидаги дефицитни таҳлил қилиб беришни сўради.
“Давлат бюджетида дефицит юзага келаётганинг асосий сабаби – харажатларни қоплаш учун давлат бюджетига даромадлар етарли даражада келиб тушмаяпти. Яъни солиқлар тушуми кам. Ҳозир давлат бюджетида дефицит рекорд даражага кўтарилди. 2024 йилнинг биринчи чорагида бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7 фоизни ташкил қилди. Дефицит биз кутганимиздан ҳам тез суратларда ошиб кетмоқда. Хўш, бюджетдаги дефицитни қандай қисқартириш мумкин? Бунинг 3 та йўли мавжуд.
Биринчи йўл – давлат бюджетидаги харажатларни қисқартириш. Ҳозир давлат идораларида штатларни қисқартириш жараёни кетмоқда. Бу вақтинчалик мажбурий чора ҳисобланади. Лекин бунинг самараси жуда кам. Шу билан бирга ҳозир Ўзбекистонда ишсизлик энг оғир масала бўлиб турибди. Буни давлат раҳбарининг ўзи ҳам айтмоқда. Ишсизлик масаласи оғир бир аҳволда бўлиб турган вақтда, давлат идораларида штатларни қисқартирмаслик керак. Нима учун? Чунки биз уларга иш топиб бера олмаймиз ва ишдан бўшатилган инсонлар ишсизлар сафига бориб қўшилади. Натижада, жамиятда ижтимоий норозилик кучаяди.
Иккинчи йўл – давлат бюджетига даромадларни кўпайтиришимиз керак. Даромад – бу солиқлар ва давлатнинг қимматли қоғозлари. Ҳозир қимматли қоғозларни сотиш ҳам бизга иш бермайди. Сабаби, банкларда ликвидлик муаммоси бор.
Учинчи йўл – давлатнинг пулини ноқонуний тарзда ўзлаштирган инсонлардан ўша пулларни тортиб олиш керак. Бу йўл ҳам эффект беради. Мисол учун, Франция императори Наполеон Бонапарт (1769-1821) даврида, бир куни император Наполеон ҳузурига Франция махсус хизматлари бошлиғи Фуши кириб, бу вазирларингиз давлат бюджетининг пулини оғирлашди, дея ҳисобот беради. Ҳақиқатдан вазирлар 70 миллион олтин франк миқдордаги бюджет пулини ўғирлаган бўлади. Шунда Наполеон ўша вазирларнинг барчасини олдига чақириб, ўғри вазирларига пулни қайтариш учун 3 кун муҳлат беради. Вазирлар 70 миллион олтин франк миқдоридаги маблағни қайтариб олиб келади. Бу пул Наполеонни бутун Европа қитъасидаги уруш харажатларини қоплашга етади.
Иккинчи мисол, Қирғизистоннинг жами ташқи қарзи 6 миллиард доллар. Яқинда Қирғизистонда қонундаги ўғри Қамчибек Колбаев отиб ўлдирилди. Ундан давлат томонидан тортиб олинган мулкнинг ҳисоби эса 1 миллиард долларни ташкил қилди. Бизда ҳам шундай имконият бор. Ўзбекистондан ҳам офшор ҳудудларга чиқарилган пуллар текширилиши керак. Ноқонуний йўллар билан топилган маблағлар аниқланиб, ортга қайтарилса, бу маблағлар давлат бюджетидаги дефицитни қоплашга анча ёрдам берган бўларди, — деди Тўлқин Бобоқулов.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат бюджетидаги дефицитни камайтириш учун бюджет ташкилотларидаги маълум штат-бирликларини қисқартириш ишлари амалга оширилаётганини билдирди.
“Бюджет интизомига қатъий риоя этилишини ҳамда ажратилган бюджет маблағларининг манзилли ва мақсадли ишлатилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган таҳлилий ўрганишлар натижасида жорий йилда республика бўйича жами 6,7 минг штат бирлиги қисқартирилиши ҳисобига 475 млрд сўм маблағ мақбуллаштирилиб, мазкур бўшаб қолган маблағлар 2024 йилги бюджет ёйилмасида алоҳида сатрда кўзда тутилди”, – дейди вазирлик.
Иқтисодчи Тўлқин Бобоқуловнинг фикрича, давлат бюджетидаги дефицитни камайтириш учун бюджет ташкилотларидаги маълум штат-бирликларини қисқартириш самара бермайди.
“Ҳозир иқтисодиёт ва молия вазирини тушунаман, у бюджет дефицитини нима қилиб бўлса ҳам камайтириши керак. Шунинг учун вазирга бюджет харажатларини қисқартириш маъқул йўл бўлиб кўринмоқда. Лекин бунинг ижтимоий оқибатлари бор. Ҳозирда ишсизлик муаммоси бўлиб турган бир вақтда, биз бюджет ташкилотларидаги қисқартиришлар орқали ишсизлар сонини кўпайтирмаслигимиз керак. Бу масалага жуда эҳтиёт бўлиб ёндашиш лозим. Ҳатто, ўтган ҳафтада БМТ мамлакатларни огоҳлантириб, рақамли технологияларни жорий қилиш ортидан миллион-миллион одам кўчада ишсиз қолаётганини таъкидлади. Агар давлат бюджетидаги дефицит бу даражада ошиб бораверса, охир-оқибат давлат ижтимоий харажатларни камайтиришга мажбур бўлади”, – деди иқтисодчи олим.
Маълумот ўрнида, олдинроқ иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи ҳамда муаммолар ҳақида ҳам гапириб ўтган эди.
Изоҳ (0)