Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан мамлакатда пенсия тизимини ислоҳ қилиш таклиф этилмоқда.
Хабар берилишича, Ўзбекистон “Allianz Pension Ranking 2023” пенсия рейтингидаги 75 та мамлакат қаторида 71-ўринни эгаллади. Стратегик ислоҳотлар агентлиги мазкур ҳолат сабаблари ва пенсия тизими яхшилаш имкониятларини ўрганди.
Агентлик пенсия тизимини такомиллаштириш мақсадида президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқишни тавсия этмоқда. Бунда, пенсия тизимини ислоҳ қилиш кўзда тутилган. Масалан:
- пенсия тайинлаш шартларини қайта кўриб чиқиш;
- пенсия ёшини умр давомийлигига мослаб қайта кўриб чиқиш;
- иш стажи ёки пенсия олиш учун бадалларни қайта кўриб чиқиш;
- пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш;
- аҳоли қамровини ошириш каби жиҳатлар инобатга олиниши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланмоқда.
Қайд этилишича, сўнгги 10 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 бараварга ошган бўлса, харажатлари 5 бараварга ошган. Ўзбекистон пенсия тизими мажбурий бадаллар бўйича белгиланган тўлов тизимидан иборат бўлиб, борган сари давлат бюджетидан кўпроқ молиялаштирилмоқда.
Бир неча турдаги нафақалар миқдори
Июль ойи ҳолатига Ўзбекистонда ёшга доир нафақа тайинланган фуқаролар сони 79 238 нафарни ташкил этди. Ногиронлик нафақаси олувчилар 303 730 нафар, боқувчисини йўқотганлик нафақаси тўланаётганлар 54 177 нафарга етган. Агентлик хабарига кўра, мазкур кўрсаткич жорий йилнинг июнь ойига нисбатан 2 928 нафар (0,7 фоиз)га ошган.
Айни пайтда республикада ёшга доир нафақа аёлларга 60 ёшдан, эркакларга 65 ёшдан тайинланади. Мазкур турдаги нафақанинг бир ойлик миқдори 648 000 сўмни ташкил этади.
Ногиронлик нафақаси эса:
- 1-гуруҳ ногиронларига 893 000 минг сўм;
- 2-гуруҳ ногиронларига 800 000 минг сўм миқдорида тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 648 000 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 212 000 минг сўмдан қўшиб нафақа тўланади.
Агентлик, қўшимча маълумотларни 1140 қисқа рақамлари орқали ёки “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидан олиш мумкинлигини эслатиб ўтган.
Маълумот учун, 2024 йил январь–март ойларида Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун давлат бюджетидан 4,3 триллион сўм ажратилди. Бунда ижтимоий нафақа олувчи оилалар ўртача сони 1 миллион 736 мингтани ташкил этди. Шундан 1 миллион 677 мингтаси болалар нафақаси, 58,9 мингтаси моддий ёрдам олган. Нафақа тўловлари учун жами 2 триллион 463 миллиард сўм йўналтирилган. Шундан 2,4 триллион сўми кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, 67,5 миллиард сўми моддий ёрдам тўловлари учун ажратилган. Биринчи чоракда ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони жами оилаларга нисбатан 17,8 фоизни ташкил этган.
2024 йил май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этади. Пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори ҳам мазкур кўрсаткич билан тенглаштирилади.
Изоҳ (1)
Мен 2 гурух ногиронман бир милион сакиз юз оламан дори осам нонга нон осам дорига етмаеди кирка йил ишлаб групага чакганман 1 он марта модие еордам омаганман модие еордам факат махалла раеисини огаеинларига берилаяпти бепул дорилар врачларни ошна огаениларига кетаяпти качангача буюджт пули талон талож килиниб буюджтга пул етмаяпти десизлар