Кипр ҳукумати Ғазодаги оғир гуманитар вазиятни юмшатиш мақсадида Амалтҳеа режаси доирасида секторга 1 200 тонна ёрдам жўнатганини маълум қилди. Бу ҳақда Greek City Times хабар берди.

Маълум қилинишича, юк UN-2720 ва UNOPS механизми орқали мувофиқлаштирилиб, БМТ назорати остида World Central Kitchen халқаро гуманитар ташкилоти томонидан тарқатилади. Ёрдам Ашдод порти орқали Ғазо секторига қўшимча хавфсизлик текширувларисиз етказиб берилади.
Жўнатманинг 700 тоннаси Кипрдан (Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги CyprusAid дастури орқали), қолган 500 тоннаси эса Малта, АҚШ ва Италиядаги халқаро ташкилотлар, Малта ордени ҳамда Кувайт ҳиссасига тўғри келади. Бирлашган Араб Амирликлари ҳам ташаббусни қўллаб-қувватлаган асосий ҳамкорлардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Кипр ташқи ишлар вазири Константинос Комбос сектордаги вазиятни “ниҳоятда оғир” дея таърифлаб, барча давлатлар ҳамда ташкилотларга миннатдорлик билдирган. Унга кўра, Кипрнинг инфратузилмалари халқаро ҳамжамият учун қўшимча гуманитар йўлак сифатида очиқ.
Халқаро ташкилотлар 2024 йили Кипр орқали Ғазога 22 минг тонна гуманитар ёрдам юборганди. Бу юклар АҚШ ҳарбийлари томонидан бошқариладиган Joint Logistics Over-the-Shore платформаси ҳамда World Central Kitchen бошқарувидаги вақтинчалик пристан (сув иншооти) орқали етказилган эди. БМТ маълумотларига кўра, Ғазода давом этаётган уруш оқибатида 2 миллиондан ортиқ аҳоли озиқ-овқат, дори-дармон ва тоза ичимлик сувига муҳтож.
Изоҳ (0)