“Гарри Поттер” кино олами устида юзлаб инсонлар — режиссёрлар, операторлар, декораторлар, костюм усталари ва визуал эффектлар бўйича мутахассислар йиллар давомида ишлади. Ҳар бир саҳна ортида узоқ меҳнат, пухта режалаштириш ва техник ечимлар мужассам. Ушбу мақолада сизни камера ортига — суратга олиш майдонига олиб борамиз. Қандай қилиб сеҳрли саҳналар яратилгани, актёрлар ва техник жамоа нималар билан юзлашгани, қайси кадрлар ҳақиқий, қайсилари эса мутлақо тасаввур маҳсули эканини билиб оласиз.

9 ¾ платформаси Лондондаги ҳақиқий вокзалда жойлашган
“9 ¾ платформаси” Гарри Поттер оламидаги энг машҳур жойлардан бири. Айнан шу кириш йўлагидан “Ҳогварц-экспресс” ёшларни сеҳр-жоду мактабига олиб кетади. Мухлислар эса деворга “кириб кетаётган” аравача ёнида суратга тушишни яхши кўришади. Ҳа, бундай жой ҳақиқатда ҳам бор ва у Лондондаги King’s Cross вокзалида жойлашган.

Жоан Роулинг кейинчалик тан олганидек, у “9 ва ¾ платформа” ғоясини Манчестерда яшаб юрганида ўйлаб топган ва асарида у Юстон вокзалини назарда тутган. Бундан ташқари, King’s Cross вокзалида 9 ва 10-платформалар орасида девор ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, фильмдаги кадрлар ҳақиқий King’s Cross вокзалида суратга олинган. Фақатгина улар 4 ва 5-платформалар орасидаги тўсиқдан фойдаланган. Мухлислар учун ўша ерда “деворга ярим кириб қолган” аравача ва “Platform 9¾” ёзуви ўрнатилган.

Айтганча, “Ҳогварц-экспресс” поезди ҳам компьютер графикасидан яратилмаган — у 1937 йилда ишлаб чиқарилган ҳақиқий паровоз эди. Уни Уэлс жанубидаги темир-терсак омборидан топишган ва таъмирлаб, фильмга мослаштиришган.

Квиддич стадиони ҳақида

Квиддич ўйинларини тасвирлаш бўйича жамоада тайёр ғоя бўлмаган, шу сабабли улар ҳаммасини бошидан ўйлаб топишларига тўғри келган. Режиссёр Крис Коламбус нафақат сеҳрли спортни кўрсатмоқчи, балки унинг хавфли томонларини ҳам намоён қилмоқчи бўлган. Томошабинга учар супургилар тезлигини етказиш учун кадрларда доимий таянч нуқтаси бўлиши керак эди, шу боис тўрт томонда миноралар қуриш ғояси пайдо бўлган.
Аввалига стадионни Шотландияда қуриш режалаштирилган, аммо бу фикрдан воз кечишди. Павильонда фақат битта минора қурилди, қолган қисмлар компьютер графикасида чизилган.

Ўйин саҳналари яшил фон (хромакей)да алоҳида-алоҳида суратга олинган, кейин барча қаҳрамонлар битта кадрга йиғилган. Кейинги фильмларда айрим эпизодлар актёрлар билан биргаликда суратга олинган, энг мураккаб ва динамик саҳналарда эса дублёрлардан фойдаланилган.

Улкан шахмат доскаси фильм учун махсус ясалган

“Ҳикматлар тоши” фильмидаги сеҳрли шахмат саҳнаси техник жиҳатдан энг мураккаб эпизодлардан бири. Кўпчилик фигурани компьютер графикасида яратилган деб ўйлайди, лекин аслида улар ҳақиқий бўлган.
Фильм учун тўлиқ ҳажмдаги шахмат майдони ва баландлиги 3,5 метрга етадиган шахмат бўлаклари ясалган. Улар махсус механизмлар ёрдамида секин ҳаракатлана олган.
Актёрлар ўрнига гипс шакллар ишлатилган

Кино оламида “ўлик” одамни кўрсатиш осон иш эмас. Узоқ вақт қимирламасдан, нафас олмасдан ва кўз қимирлатмасдан ётиш эса ёш актёрлар учун қийин бўлган. Шунинг учун иккинчи фильмда илон билан учрашгандан сўнг тош қотган ўқувчилар саҳнасида актёрлар ўрнига уларнинг гипс нусхалари ишлатилган.
Бунинг учун актёр юзига тиббиётда ишлатиладиган махсус алгинат суртилган, устидан гипсли бинт ўралган. Қотгач, қолип эҳтиёткорлик билан ечилиб, тўлиқ нусха ясалган. Натижада жуда ҳам ҳақиқий кўринадиган фигуралар тайёр бўлган.
Юзлаб ликопчалар ва аждарлар “Сеҳргарлик вазирлиги”да жонлантирилган

“Гарри Поттер ва Феникс ордени” фильмида Сеҳргарлик вазирлигининг интерери бутун франшиза давомидаги энг катта ва энг қиммат декорация бўлган.
Хонада Долорес Амбридж деворларига жонли мушукчалар тасвири туширилган юзлаб чинни ликопчалар илинган. Бунинг учун ҳақиқий ликопчалар тайёрланган, ҳайвонлар эса кейинчалик графика ёрдамида ҳаракатлантирилган.
Бу саҳналар учун 40 дан ортиқ тирик мушуклар суратга олинган — уларнинг ҳар бири кейинчалик анимацияга асос сифатида ишлатилган.
Изоҳ (0)