Тошкент бозорларида гўшт арзонлаштирилган нархларда сотилиши бошланди, деб хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри бозорларида гўшт маҳсулотлари савдо шохобчалари кўпайтирилди ва кенгайтирилди, нархлар эса барқарорлаштирилди.
Пойтахтнинг бешта йирик бозорида гўшт нархи пасайган:
- “Чорсу”
- “Юнусобод”
- “Фарҳод”
- “Авиасозлар”
- “Қўйлиқ”
Қайд этилишича,“Авиасозлар”, “Фарҳод”, “Эски Жўва”, “Юнусобод” ва “Қўйлиқ” озиқ-овқат бозорларида илгари 624 та гўшт маҳсулотлари савдо расталари фаолият кўрсатган. 3 август куни қўшимча равишда яна 84 та раста (+13,5 фоиз) ташкил этилди. Натижада савдо нуқталарининг умумий сони 708 тага етди.

3 август ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри бозорларига 78,9 тонна гўшт етказиб берилган. Шундан 21,8 тоннаси (умумий ҳажмнинг 27,6 фоизи) савдо расталарига жойлаштирилган қўшимча ҳажмни ташкил этди.
Тақсимот қуйидагича:
- “Авиасозлар” — 3,1 тонна (14,2 фоиз);
- “Фарҳод” — 5,6 тонна (25,7 фоиз);
- “Эски Жува” — 6,0 тонна (27,5 фоиз);
- “Юнусобод” — 3,2 тонна (14,7 фоиз);
- “Қўйлиқ” — 4,0 тонна (18,3 фоиз).
Ҳокимлик хабарига кўра. ушбу расталарда гўшт қуйидаги нархларда сотилмоқда:
- мол гўшти (маҳаллий) — 85 000 сўм;
- мол гўшти (беларус) — 70 000 сўм;
- қўй гўшти (маҳаллий) — 90 000 сўм;
- музлатилган гўшт — 65 000 сўм.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Наврўз” деҳқон бозорида ҳам арзонлаштирилган гўшт маҳсулотлари растаси ташкил этилди. У ерда маҳаллий ҳамда Беларусь, Мўғулистон ва Ҳиндистондан келтирилган мол ва қўй гўштининг турли хил навлари сотувга қўйилган.
Нархлар қуйидагича:
- Беларусь мол гўшти — 70 000 сўм;
- Мўғулистон қўй гўшти — 75 000 сўм;
- маҳаллий мол гўшти — 85 000 сўм.
Марказий банк маълумотларига кўра, гўшт ўтган йил давомида нархи энг кўп ошган маҳсулотлар қаторига кирди. 2025 йил июнь ойи охирларида мол гўшти 30,5 фоизга, қўй гўшти эса 32 фоизга қимматлаган.
Изоҳ (0)