“Тошшаҳартрансхизмат”нинг 7,5 йилга қамалган собиқ раҳбари Анвар Жўраевга берилган жазо ўзгартирилди.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг “Дарё” танишган 2025 йил 5 июндаги ажрими билан Анвар Жўраевга тайинланган жазо ўзгартирилди. Унга узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Анвар Жўраевга яшаш жойини ҳукмнинг ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик, Ўзбекистондан ташқарига чиқмаслик, оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик тақиқлари юклатилган. Унга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод қилинган.
Анвар Жўраев 2017 йил май ойидан буён “Тошшаҳартрансхизмат” бошқарув раиси лавозимида ишлаб келганди. 2024 йилнинг февралида у бир неча шахс билан ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказишда гумонланиб қамоққа олинганди.
2025 йил 3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида Анвар Жўраев ва яна 20 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилганди. Ушбу ҳукм билан Анвар Жўраев 3 йил “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик бор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. У судда берган кўрсатмасида қўйилган айбловларга умуман иқрор бўлмаган, талон-торож қилинган эҳтиёт қисмлари ҳолатларидан терговда хабар топганини айтган. Шундан сўнг аппеляция шикояти берилганди.
Изоҳ (0)