Жанубий Корея Канадага қиймати 20–24 миллиард долларга баҳоланган KSS-III сувости кемаларини таклиф қилди. Бу ҳақда Canadian Broadcasting Corporation’га таяниб қатор нашрлар хабар бермоқда.
Мазкур таклиф Канада ва АҚШ ўртасидаги таранглик кучайган бир пайтда илгари сурилмоқда. Хусусан, Канада ҳукуматининг АҚШ етакчилигидаги F-35 қирувчи самолётлари дастуридан чиқиши мумкинлиги мамлакат мудофаа стратегиясида туб ўзгаришлар бошланаётганидан далолат беради.
CBC’нинг маълум қилишича, Жанубий Корея бу таклифни илгари суриш билан Канадани АҚШ ва Европадаги анъанавий ҳамкорларидан узоқлаштиришни кўзлаяпти. Таклифнинг марказида Hyundai Heavy Industries ва Hanwha Ocean томонидан ишлаб чиқилган Досан Ан Чангҳо синфига мансуб KSS-III сувости кемалари турибди.
Жанубий Корея камида 4 та сувости кемани 2035 йилгача етказиб беришни ваъда қилган. Бу эса Канада ҳукуматининг ҳарбий-денгиз кучларини модернизация қилиш бўйича CPSP жадвалидан анча олдин ҳисобланади. Мазкур лойиҳа орқали Канада мавжуд Виcториа синфидаги сувости кемаларини янгилашни режалаштирмоқда.

KSS-III
Корейслар таклиф қилган сувости кемалари 20 кунгача юзага чиқмай ҳаракатлана олади. Улар замонавий сонар тизимлари, актив/пассив қидирув модуллари, жанговар бошқарув компьютер тизими ва ракеталарни учириш учун вертикал старт қурилмалари билан жиҳозланган.
Шовқинни камайтириш технологиялари сабаб улар махфий операцияларни ҳам муваффақиятли бажара олади. Ҳозирда бу турдаги сувости кемалари ядро энергиясиз ишлайдиган платформалар орасида энг илғорларидан бири сифатида тан олинмоқда. Уларнинг ҳар бири тахминан 900 млн АҚШ долларига баҳоланади.
Канада сувости кемалар флотини янгиламоқчи
2024 йилнинг июль ойида Канада мудофаа вазирлиги 12 та янги дизель-электр сувости кемасини харид қилиш бўйича расмий жараён бошлади. Янги кемаларга Арктика шароитида ҳаракатлана олиш, узоқ масофада мунтазам патрулни таъминлаш, душманни яширинча аниқлаш ва зарурат туғилганда, ҳарбий куч билан жавоб қайтариш каби функцияларни бажариш каби талаблар қўйилди.
Аммо корейслар Канада учун ягона вариант эмас. Оттава бошқа етказиб берувчилар таклифларини ҳам кўриб чиқмоқда. Рўйхатда Германия, Швеция, Франция ва АҚШнинг сувости кемалари ҳам бор. Бироқ Жанубий Кореянинг таклифи сифат ва нарх уйғунлиги ва маҳаллий саноатга интеграцияси билан ажралиб турибди.
Изоҳ (0)