Афғонистон марказидаги Дайкунди вилоятида номаълум қуролли шахслар томонидан уюштирилган ҳужумда камида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТОLОnews маҳаллий манбаларга таяниб хабар берди.
Хабарга кўра, яна 6 киши жароҳат олган.
Ҳужум маҳаллий вақт билан 13:00 атрофида Дайкунди ва Ғор провинциялари чегарасидаги довон ҳудудида содир бўлган. Телеканал суҳбатдошларига кўра, ҳужум маҳаллий аҳоли Ироқнинг Карбало шаҳридан қайтаётган зиёратчиларни кутиб олишга борганида содир этилган.
Ҳужум ички ва халқаро миқёсда норозиликларга сабаб бўлган. “Толибон” вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид қотилликдан афсусда эканини билдирган.
Мужоҳид Х тармоғида бу “шафқатсиз” ҳаракатни кескин қоралаб, одамларнинг ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилишни ўзининг бурчи деб билишини айтган. У ушбу воқеа учун жавобгар шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳибсга олиш учун жиддий ҳаракатлар амалга оширилишига ваъда берган.
Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ҳам ҳужумни қоралаб, қурбонлар оилаларига ҳамдардлик билдирган.
Эроннинг Кобулдаги элчихонаси ҳужумни кескин қоралаб, айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилган. Эрон ТИВ матбуот котиби Носир Канани Дайкунди аҳолисига қилинган ҳужумни қоралаб, муваққат ҳокимиятни ушбу “жиноят” учун зудликда чора кўришга чақирган.
Мазкур ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.
Изоҳ (0)