Оқўрда қароргоҳида 8 август куни Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон еткачиси Қозоғистон раҳбари ва халқига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда бу кун Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги тарихида алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
“Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида тарихий воқеа ҳисобланади”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон—Қозоғистон муносабатлари юқори суръатда ривожлангани алоҳида қайд этилди.
Ташриф доирасида ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форуми, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий марказлар форуми, интеллектуал ўйинлар муваффақиятли ўтказилди. Кино кунлари, кўргазмалар, концертлар ва бошқа кўплаб тадбирлар давом этмоқда.
Икки мамлакат раҳбарлари 2024—2034 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинганини қайд этди. Бу дастур Ўзбекистон—Қозоғистон дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларида янги сифат босқичи бошланганини англатади.
Мажлис давомида давлатимиз раҳбари бир қатор устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Аввало, халқаро тузилмалар доирасида позицияларни мувофиқлаштириш ва умумий манфаатларни самарали илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Мулоқотлар натижадорлигини ошириш, Парламентлараро форумни таъсис этиш, Экспертлар кенгашининг қизғин ишини давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу мақсадда ой охиригача алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда бозорларни ўзаро шакллантириш, мавжуд чекловларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон етакчиси саноат кооперациясининг янги стратегиясини қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Томонлар кеча бўлиб ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик учрашувлари якунлари бўйича 7 миллиард долларлик салмоқли келишувлар имзоланганини ижобий баҳолади. Гап энергетика, логистика, қурилиш, кимё, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида бормоқда.
Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга туширишни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшма жамғарма ташкил этиш масаласини ўрганишга келишиб олинди. Иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ҳудудлар ўртасидаги алоқалар стратегик шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Энергетика қувватлари ва инфратузилмасини қуриш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлик билдирилди. Йирик минтақавий лойиҳаларни, энг аввало, Қамбарота ГЭС қурилишини тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.
Транспорт ва транзит соҳасида ишбилармон доираларни жалб этган ҳолда икки мамлакат ўртасида янги транспорт йўлакларини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бундан ташқари, замонавий логистика инфратузилмасини яратиш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақада сувдан фойдаланиш масалаларига ягона ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевни Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлисини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Изоҳ (0)