Рақобат қўмитаси томонидан “Лукойл”га нисбатан нарх манипуляцияси бўйича иш қўзғатилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита томонидан Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd компаниясининг биржа савдолари орқали техник олтингугурт маҳсулотини реализация қилишда, шу жумладан, биржа савдоларида маҳсулот ҳажмларини номувофиқ қўйиш каби манипуляция ҳолатлари орқали маҳсулот нархларининг ошишига олиб келган ҳаракатларининг аломатлари аниқланган.
Натижада биржа савдоларида техник олтингугурт маҳсулоти нархлари ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача ошишига сабаб бўлган.
Шу муносабат билан, Рақобат қўмитаси томонидан Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd компаниясига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ва ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилди.
“Қўзғатилган иш ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг қўшимча ахборот берилади”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)