Франциянинг “ПСЖ” клуби 16 ёшли ҳужумчи — Ламин Ямални сотиб олиш учун “Барселона”га 250 миллион евро таклиф қилишга тайёр. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар бермоқда.
Манбага кўра, Каталония клуби ҳеч қандай сумма эвазига футболчини сотмайди.
Март ойида “Барселона” президенти Жоан Лапорта “ПСЖ” Ямал учун 200 миллион евро таклиф қилгани, аммо бу таклиф рад этилгани ҳақида айтиб ўтганди.
Ўтган мавсумда Ямал барча турнирларда 53 та ўйинда қатнашиб, 7 та гол ва 11 та голли узатмани амалга оширган. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2026 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt порталида берилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 90 миллион еврони ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ямал Евро-2024 гуруҳ босқичининг учта ўйинида ҳам иштирок этди. Хорватия билан 1-тур ўйинида (3:0) вингер голли узатмани амалга оширди.
Изоҳ (0)