Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги боғчаларнинг бирида рақс ўқитувчиси қизнинг қўлини қаттиқ тортгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Юнусобод тумани, 14-мавзедаги 136-сонли ДМТТдаги рақс тўгарагига қатнаётган қизалоқнинг рақс ўқитувчиси унинг қўлини қаттиқ тортганидан қизча қичқиргани бўйича ота-онаси оммага мурожаат йўллаган видеохабар тарқалганди. Ҳолат Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.
Юнусобод туманидаги 136-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида мазкур ҳолат бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилиб, Касаба уюшмаси аъзолари иштирокида муҳокама қилинган. Унда рақс тўгараги раҳбари М.Ш.га мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 17 октябрдаги “Мактабгача таълим ташкилотларининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 478-сонли буйруғи талабларини бузгани тушунтириб ўтилди ва ходим билан тузилган шартнома бекор қилинди.
Изоҳ (0)