Кэти Перри қўшиқларига тегишли муаллифлик ҳуқуқини Litmus Music компаниясига 225 миллион долларга сотди. Бу ҳақда “Правила жизни” хабар берди.
Хонанда One of the Boys (2008), Teenage Dream (2010), Prism (2013), Witness (2017) ва Smile (2020) альбомларини ишлаб чиқариш ҳуқуқини сотган. Перрининг ижодига тааллуқли ҳуқуқлар Universal Music Group компаниясида сақланиб қолади.
У 2001 йилда чиқарилган илк альбоми — Katy Hudson’га тааллуқли ҳуқуқни ўзида қолдирган. Бу альбом хонанданинг Кэти Перри тахаллусини олгунига қадар сотувга чиқарилган.
Litmus компанияси 2022 йилда ташкил этилган. Декабрь ойида компания австралиялик хонанда Кит Урбаннинг қўшиқларига тегишли ҳуқуқларни сотиб олди. Кэти Перри ва Урбан сўнгги йилларда қўшиқларига тегишли ҳуқуқларни сотаётган ягона хонандалар эмас. 2022 йилнинг майида Hipgnosic Songs Fund Жастин Тимберлейкнинг қўшиқлари, 2023 йилнинг майида эса Жастин Бибернинг муаллифлик ҳуқуқини сотиб олган. Компания, шунингдек, 50 Cent, Энрике Иглесиас, Шакира ва Red Hot Chilli Peppers’нинг бир нечта қўшиқлари муаллифлик ҳуқуқига эгалик қилади.
Изоҳ (0)