Энергетика вазирлиги республика бўйича метан заправкаларга табиий газ белгиланган талабга асосан етказиб берилаётганини маълум қилди. Таъкидланишича, метан газнинг нархи ҳам ошгани йўқ.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда метан заправкаларда навбатнинг узайиб бораётгани, бунга бир қатор метан заправкаларнинг ёпиқлиги сабаб бўлаётгани, мазкур вазият метан нархининг ошишидан дарак бўлиши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар тарқалди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, барча метан заправкаларга август ойи учун ҳам уларнинг талабларига асосан белгиланган лимитга кўра, табиий газ тўлиқ етказиб берилган. Ҳеч қандай чеклов киритилмаган.
“Қайсидир метан заправка ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган бўлса, демак, бу қандайдир техник сабаблар ёки бошқа бир омил туфайли бўлиши мумкин. Шунингдек, аввал таъкидлаганимиздек, метан заправкаларда сотиладиган бир куб газ учун белгиланган нарх ошгани йўқ”, — дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли ва бошқа тоифадаги истеъмолчилар қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланган муддатларда табиий газ нархининг оширилиши ҳақида аввалдан огоҳлантирилади.
“Агар заправкаларда газ нархининг асоссиз оширилиши ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин”, — дейилади вазирлик хабарида.
Май бошларида Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги метан газ заправкаларида турнақатор навбатлар юзага келаётгани, ҳайдовчилар соатлаб навбат кутишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)