Бир пайтлар Манчестер шаҳри жаҳон пахта ишлаб чиқариш марказига айланган, бироқ қул савдоси саноатнинг ўсишини таъминлаган. Баҳсли ўтмиш ҳозирда “Манчестер Сити” ва “Манчестер Юнайтед” логотиплари билан боғлиқ ҳолда эсга олинади: апрель ойида The Guardian нашри муаллиф Саймон Ҳеттенстоун логотипни таҳрирлаш лозимлиги ҳақидаги мақоласини эълон қилди. Уларда қуллар пахта олиб кетаётган елканли қайиқлар тасвирланган.
Манчестер пахтадан тайёрланган кийимлар ишлаб чиқариш орқали бойиб кетган. Фабрика “бум”и — учбурчак савдонинг натижасидир
1700 йилда Манчестер 9 минг кишидан иборат кичик бир ҳунармандлик пункти эди, аммо аср охирига келиб, у ерда 10 баравар кўп одам яшаган. Бу вақт ичида шаҳар Англиянинг энг муҳим саноат марказларидан бирига айланди. Ҳатто, ўрта асрларда ҳам Манчестерда жун маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, аммо ўшанда ҳажм кичикроқ эди. Аста-секин ассортимент зиғир ва пахта ҳисобига кенгайиб борди ва бу деҳқонлар пул ишлаш учун келиши оқибатида аҳоли сони ҳам кўпайиб борди.
Дастлабки йирик корхоналар тегирмон принципи бўйича ишлаган ва сув энергиясидан фойдаланган. Аммо шунга қарамасдан, ишлаб чиқариш шунчалик катта эдики, 1729 йилда пахта биржаси очилган. 1781 йилда технологиялар яхшиланган: тадбиркор ва ихтирочи Ричард Аркрайт буғ двигателли фабрикани ишга туширган. Шундай қилиб, саноат инқилоби Манчестерни Британиянинг энг муҳим шаҳарларидан бирига айлантирди. Энди уни Коттонополис (инглизча cotton — “пахта”) деб атай бошлашди, у ерда ХIX асрнинг ўрталарида юздан ортиқ тўқимачилик фабрикалари бор эди. Дунё бўйлаб терилган пахтанинг учдан бир қисми Манчестерда қайта ишланарди.
Саноат инқилоби миллионлаб одамларнинг ҳаётини осонлаштирди, шу билан бирга қул меҳнатига талабни ҳам оширди. Пахта Америка ва Ҳиндистонда етиштириларди. Осиёда ишчи кучи танқислиги бўлмаса-да, Антлантика океанининг ғарбий қисмида ҳосилни йиғиш учун ҳеч ким йўқ эди. Кейин эса учбурчак трансатлантик савдо деб аталадиган нарса фаоллаштирилди: қуллар Африкада сотиб олинади (одатда, маҳаллий ҳукмдорлар қўшни халқларнинг қўлга олинган жангчиларини сотарди) ва Америкага олиб кетилади. Сўнгра плантацияларда тўпланган хом ашё кемаларга юкланиб, Европага жўнатилган. У ерда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот Африкага ҳам сотилган. Ушбу тизим бўйича кўпчилик Ғарбий Европа давлатларининг иқтисодиёти ривожланган.
Пахта Европага оммавий равишда етказилган ягона маҳсулот эмасди. Қаҳва Бразилиядан, шакар эса Кариб оролларидан келтирилади. Шу тариқа қул меҳнати кўмир билан бирга ХIX асрнинг саноатлаштириш учун энг муҳим ёқилғисига айланган.
Британияда ўша пайтда ҳам қул савдосига қарши чиқиларди. Курашнинг энг машҳур намунаси — 1807 йилдаги петициядир. Уни Манчестернинг 10 минг аҳолиси, шаҳарнинг ўндан бир қисми, имзолаган. Натижада парламент Буюк Британиянинг ўзида мажбурий меҳнатни ва АҚШга қулларни олиб киришни тақиқловчи қонунни имзолади. Тўғри, ундан кейин ҳам АҚШдан пахта сотиб олишга рухсат берилганди. Бундан ташқари, Вест-Индия инглиз колонияларининг аксарияти 1830 йилларгача қулликни бекор қилмаган.
Гарчи шаҳар денгиз атрофида жойлашмаган бўлса-да, Манчестернинг иккала клуби ҳам логотипига кемалар силуэтини қўйган. Энд елканли кемаларни асаларилар билан алмаштириш таклиф қилинмоқда
Кемалар 1842 йилги Манчестер билан ассоциация қилинади, ўшанда шаҳарда илк бор герб пайдо бўлган. Унда қалқон ва унинг юқори қисмида елканли кема тасвирланган. Манчестерда юк ташиш ишлари оддий бўлмаган. Шаҳар қирғоқдан узоқда — Мерси дарёсидан 50 километр узоқликда жойлашган. Заводларни денгиз билан боғлаш учун XVIII асрда Брижуотер канали қазилган, бироқ у орқали фақат отли баржалар (юк кемаси) ўтиши мумкин эди. 1830 йилда Ливерпуль — Манчестер темир йўли очилган ва фақат ХIX асрнинг охирига келиб Коттонополисга йирик савдо кемасида бориш мумкин эди. 1894 йилда Манчестер канали очилди, шу сабабдан бугунги кунда шаҳарни денгиз шаҳри дейиш мумкин.
Логотип ва гербдаги кемалар узоқ вақт ҳеч кимни безовта қилмаган. Яқиндан эса мавзу оғриқли бўла бошлади, 2023 йил апрель ойида The Guardian газетасида “Кемани тарк этинг. Қуллик рамзи Манчестер ва шаҳар футбол клубларини шарманда қиладими?” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Таниқли журналист Саймон Ҳеттенстоун рамз ҳақида далилларга асосланган матн ёзган — у катта сармоя киритилишидан олдин ҳам “Сити”ни қўллаб-қувватлаган.
Саймоннинг кемалар ҳақидаги мақоласига айнан The Guardian газетасида “Пахта пойтахти” номи қатор мақолалар серияси сабаб бўлган. Англиядаги энг машҳур газеталардан бири ҳам қул меҳнати туфайли пайдо бўлган. Газетага XVIII асрда Манчестер тўқимачилик соҳасида бойлик орттирган тадбиркор Жон Эдвард Тейлор томонидан асос солинган. Дастлаб 11 инвестордан 9 нафари ўзлари плантатор бўлган ёки учбурчак савдо билан шуғулланган.
Саймон ўз ишини ҳозирги депутатлардан тортиб отаси Манчестердаги тўқимачилик фабрикасига эга бўлган Фридрих Энгелсгача бўлган одамларнинг сўзлари билан тасдиқлайди. Муқобил вариант сифатида Ҳаттенстоун янги рамз — арини таклиф этди. Бу шаҳар аҳолисининг меҳнатсеварлигини ўзида мужассам этган ва узоқ тарихга эга. Ер шарига ёпишган арилар Манчестернинг биринчи гербини безатган. Агар Саймоннинг таклифи қўллаб-қувватланса, маҳаллий футбол клубларининг логотипларида ҳам ари рамзи пайдо бўлиши мумкин.
“Реал” аллақачон логотипдаги элементдан воз кечишга мажбур бўлган. Логотипнинг Яқин Шарқ версиясидан хоч йўқолган
“Манчестер Сити”нинг Чемпионлар Лигаси ярим финалидаги рақиби логотипида ҳам “ноаниқ” белгиларни учратиш мумкин. “Реал” 1920 йилда қироллик клубига айланган, бу унвон клубга Испания қироли Алфонсо XIII томонидан берилган. Ўшанда жамоа логотипида тож пайдо бўлган.
Бу вақтга келиб маҳаллий футболда анъана аллақачон шаклланган эди. Масалан, Сан-Себастьян клуби монархнинг илтифотига сазовор бўлганди — у ерда қиролнинг ёзги қароргоҳи жойлашганди.
1910 йилда маҳаллий жамоа “Реал Сосьедад” номини олди ва айни вақтда улар гербига ҳукумат рамзини жойлаштирди. Тож яна “Сельта”, “Вальядолид”, “Бетис”, “Эспаньол” ва “Мальорка” каби жамоалар логотипларидан ҳам жой олди. Тўғри, ўтган асрнинг 30 йилларида қисқа Республика даврида улар бундай юксак мавқейини вақтинча йўқотган.
Расм ҳақиқий тождан кўчирилгани учун жамоаларнинг барча логотипларида хоч тасвирланган. Лекин “Реал” қироллик оиласининг энг глобал клуби сифатида мослашишга мажбур бўлган. 2014 йилда Мадрид клуби Абу-Даби миллий банки билан шартнома имзолади. Синчков мухлислар тақдимот пайтида христиан тимсоли логотипдан ғойиб бўлганини пайқаган. Орадан уч йил ўтиб, логотип араб мамлакатлари аҳолиси учун мўлжалланган барча товарлар учун ўзгартирилди. Шундан буён БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Уммон ва Баҳрайнда футболкаларнинг махсус, хочсиз варианти сотилади.
Изоҳ (0)