Нью-Йоркда Ўзбекистон ҳамда Тринидад ва Тобаго ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгани тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар берди “Дунё” АА.
Қайд этилишича, бу Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 144-давлат бўлди. Ҳужжатни икки давлат ҳукуматлари номидан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ҳамда Тринидад ва Тобагонинг БМТдаги доимий вакили Дэннис Френсис имзолади.
“Тринидад ва Тобаго ҳамда Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қарорини дунё ва халқаро ҳамжамиятга расман эълон қилган кун келганидан хурсандман. Биз Тринидад ва Тобагода буни Марказий Осиё минтақасининг муҳим аъзоси бўлган Ўзбекистон билан узоқ ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг бошланиши деб биламиз”, — деган Дэннис Френсис коммюникени имзолаганидан сўнг.
Тринидад ва Тобаго — Жанубий Американинг шимоли-шарқий соҳилида, Кариб денгизидаги Тринидад ва Тобаго оролларида жойлашган давлатдир. Британия миллатлар ҳамдўстлиги ва Америка давлатлари ташкилоти аъзоси ҳисобланади.
Изоҳ (0)