Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этаётган ҳар бир номзодга тарғибот тадбирлари учун 4 миллиард 914 миллион сўм ажратилган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Адҳам Ибодуллаев “Дарё”га маълум қилди.
“Мазкур пул маблағи сиёсий партияларга берилади. Улар ўзлари ташвиқот тадбирларини ўтказиш учун тақсимлайди. Партиялар сайловга 5 кун муддат қолганда маблағларни сарфланганлиги юзасидан Марказий сайлов комиссиясига ҳисобот беради. Унда маблағларни ҳар бир ишлатилган қисмлари бўйича маълумотлар акс этади. Шунингдек, ҳисоботи ҳар бир партия ўзининг веб-сайтида жойлаштиради”, — деди Адҳам Ибайдуллаев.
Унинг қўшимча қилишича, агар маблағлар нотўғри сарфланганлик ҳолати аниқланса, назорат органлари томонидан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади.
Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган 4 нафар номзод рўйхатга олинган.
Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш учун 174,1 млрд сўм ажратилди
Марказий сайлов комиссияси 19 май куни муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловига бағишланган навбатдаги мажлисида муддатидан илгари президент сайловига тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланган.
Марказий сайлов комиссияси Сайлов кодекси талабларига риоя қилган ҳолда муддатидан илгари президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 миллиард 130 миллион сўм миқдорида ишлаб чиққан. Қайд этилишича, мазкур маблағ аввалги президентлик сайлови учун ажратилган маблағдан 41 фоизга кам.
Йиғилишда умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга оширишга 19 миллиард 655 миллион сўм ёки сайловни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг 11 фоизи миқдорида ажратилиши таъкидланган.
Харажатлар сметасига кўра маблағларнинг деярли 82 фоизи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш учун ажратилмоқда. Ушбу маблағларнинг 76 фоизи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари (аъзоларнинг аксарият қисми ўқитувчи, шифокор, фаол фуқаролар таркибидан шакллантирилган) меҳнати учун тўлаб бериладиган компенсация тўловлари учун сарфланиши учун режалаштирилган.
2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 300 миллиард сўм ажратилган эди. Апрель охирида ўтказилган референдумга тайёргарлик кўриш харажатлари 182 миллиард 386 миллион сўмга баҳоланганди.