2023 йилнинг 14 февраль куни “Қувасойцемент” АЖ (United Cement Group таркибига кирувчи) Ўзбекистондаги энг йирик шиша буюмлар ишлаб чиқарувчи “Кварц” АЖ акцияларининг 89,78 фоизи сотиб олгани ҳақида эълон қилди.
“Дарё” мухбири United Cement Group компанияси директорлар кенгаши аъзоси Андреас Керн билан “Кварц” АЖни ривожлантириш режалари ва бугунги кунда Ўзбекистоннинг машҳур корхонасида ишлар қандай кечаётгани ҳақида суҳбатлашди.
— Жаноб Керн, бизга маълум бўлишича, сиз яқинда United Cement Group цемент холдингига қўшилгансиз. Аввало ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз, бу соҳага қандай келгансиз, ушбу соҳа сизни нимаси билан жалб қилди?
— United Cement Group’га қўшилишдан олдин 33 йил давомида Германиянинг дунёдаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи HeidelbergCement компаниясида раҳбар лавозимларда ишладим. Бундан ташқари, Германия цемент саноати (BDZ) президенти ва Германия қурилиш материаллари компанияси (BBС) президенти бўлганман. Мен HeidelbergCement компаниясида деярли 16 йил давомида Марказий Европа ва Марказий Осиё минтақалари учун масъул бўлганман ва Ўзбекистондаги цемент саноатига эътибор қаратганман.
Цемент ишлаб чиқариш бўйича мутахассис сифатида мен учун Ўзбекистон янги технологияларни жорий этиш ва республиканинг улкан талабига жавоб берадиган цемент ишлаб чиқариш бўйича истиқболли маскан ҳисобланади. Менинг ҳомийлигим остида HeidelbergCement Ўзбекистондаги мавжуд заводларни сотиб олишга ёки янгиларини қуришга бир неча бор уриниб кўрди, бироқ глобал ривожланиш стратегиясининг ўзгариши туфайли бу HeidelbergCement учун амалга ошмади. Шу боис Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда фаолият юритувчи, жадал ривожланаётган, Марказий Осиёдаги энг йирик цемент холдинги – United Cement Group директорлар кенгаши аъзоси бўлиш таклифи тушгунига қадар орзуим фақат орзу бўлиб қолди.
Айтганча, United Cement Group яқинда етакчи халқаро рейтинг агентлиги S&P Global Ratings томонидан ижобий прогнозли B+ кредит рейтингини олди. Ҳозир орзумни рўёбга чиқаряпман, бор тажрибамни Ўзбекистонда сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қўлламоқчиман.
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг хусусийлаштириш бўйича ташаббусини қандай баҳолайсиз? Бу мамлакат иқтисодиётига нима беради?
— Дарҳақиқат, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг барча ташаббусларига катта ҳурмат билан қарайман. Унинг қисқа вақт ичида республика учун қилган ишлари таҳсинга сазовор. Ҳозир биз мамлакатимизда янги сармояларни жалб қилиш, ўз навбатида, янги ишлаб чиқаришларни очиш ва эскирган ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқдамиз.
Ўзбекистонда корхоналар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий жиҳатларидан бири халқаро тажрибага асосланиб, корхоналарни хусусий қўлларга бериш, яъни хусусийлаштиришдир. Хусусийлаштириш учун халқаро тажрибадан фойдаланилмоқда: ошкоралик учун “Катта тўртлик”нинг халқаро консалтинг компаниялари жалб қилиняпти ва халқаро юридик фирмалар билан шартномалар тузилмоқда. Менимча, хусусийлаштириш корхоналарни модернизация қилиш жараёнини тезлаштириш, уларнинг Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам рақобатбардошлигини ошириш, яшил технологиялар ва халқаро менежментни жорий этиш имконини беради.
Президентингиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бу ташаббусларнинг барчаси пировардида Ўзбекистонни Марказий Осиё давлатлари етакчилари қаторига олиб чиқиши керак.
— Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларни қандай баҳолайсиз? Уларни янги, халқаро даражага олиб чиқиш учун аниқ нима қилиш мумкин?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, ўзбек ишлаб чиқарувчилари жорий ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ модернизация қилиш, яшил технологияларни жорий этиш, кадрлар малакасини ошириш зарур. Буларнинг барчаси Ўзбекистон корхоналарига халқаро даражага чиқиш имконини беради, бу эса ўз навбатида бошқа мамлакатларга маҳсулот экспортини осонлаштиради.
— Яқинда “Қувасойцемент” АЖ “Кварц” АЖ улушини сотиб олди. Батафсилроқ маълумот берсангиз, нима учун “Қувасойцемент” АЖ “Кварц” АЖни сотиб олишга қарор қилди?
— Аввалига “Кварц” АЖнинг бугунги ҳолати ҳақида гапириб бермоқчиман. “Кварц” АЖ ҳозирда маблағларнинг кескин тақчиллигини бошдан кечирмоқда, барча мавжуд ресурсларни қарзларни узишга йўналтирмоқда. “Зарафшон ойна” МЧЖ ишга туширилгандан сўнг маҳсулотларнинг бозор нархлари пасайганлиги сабабли компаниянинг 2022 йилнинг иккинчи ярмидаги даромади сезиларли даражада камайди. Шу билан бирга, “Кварц” акциядорлик жамиятининг шиша идишлар учун иккита линияси талаб йўқлиги сабабли тўхтаб қолди.
“Кварц” АЖда юзага келган кескин вазиятни кузатиб, мен United Cement Group директорлар кенгашига корхонани қайта тиклаш учун “Кварц” АЖни сотиб олишни таклиф қилдим. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун УCГ заводга жиддий сармоя киритиши, унинг барча муаммоларини ҳал қилиши, қарз мажбуриятларини ёпиши ва эскирган ускуналарни янгилаши керак бўлади.
— Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ёки таъмирлаш режаси борми?
— Ҳа, термополировка қилинган ойналар ишлаб чиқариш бўйича янги линия қурилаётганига қарамай завод капитал таъмирлашни талаб қилмоқда. Ҳозирда УCГ кучлари ва воситалари томонидан амалга оширилаётган деярли ҳамма нарсани ўзгартириш керак. Шиша заводи технологик жиҳатдан жуда мураккаб ишлаб чиқариш бўлиб, ўтган йилларда у давлат томонидан таъминланган бўлса, ҳозирда кучли инвестор керак. Аслида UCG заводни ривожлантиришга, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, “Кварц”нинг янги маҳсулотларига қайта сармоя киритмоқда. Эски жиҳозлардан фақат иккита италян машинаси қолади. Янги жиҳозлар ҳақида гапирадиган бўлсак, автоматлаштирилган инспекция пайдо бўлади: маҳсулотни инсон эмас, робот саралайди.
Шиша идишлар ишлаб чиқариш линияси қурилмоқда. Цехни тўлиқ модернизация қиламиз, газни 35 фоизгача тежайдиган замонавий печ ўрнатамиз. Бутун линия электр энергиясининг 25% гача тежаши керак. UCG яшил иқтисодиёт стандартлари асосида ишлайди ва унинг барча иншоотлари энергия тежамкорлиги учун янгиланади. Бундан ташқари, энергия тежовчи ойна ишлаб чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз. UCG компаниянинг бозорда кучли ўйинчи бўлишидан, халқаро стандартларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришидан манфаатдор.
“Кварц” ва “Қувасойцемент” заводига келадиган бўлсак, бу мамлакат ичида юқори сифатли қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда иншоотлар барпо этилиши, шунингдек, Ўзбекистон халқаро даражадаги маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятига эга бўлишини англатади.
– Бундай техник жиҳатдан мураккаб ускуналар учун профессионал кадрлар керак. UCG ҳозирги завод ходимларини ўқитишни режалаштирмоқдами?
– Тўғри, таъкидлаганингиздек, ускуналарни модернизация қилиш ва робототехникани ишлаб чиқаришга жорий этишни малакали кадрларсиз амалга ошириб бўлмайди, шу боис заводда ишлаётган ёш мутахассисларни Европа ва АҚШнинг етакчи таълим муассасаларига малака ошириш учун юборишни режалаштирганмиз. Бу жараён ходимларни тайёрлаш бўйича тасдиқланган UCG сиёсатига мувофиқ амалга оширилади. Ҳозирданоқ барча UCG заводларида иқтидорли ёшлар етакчи халқаро таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш учун танлаб олинмоқда.
— Энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитга таъсирини камайтириш учун ишлаб чиқаришга яшил технологиялар жорий қилинадими?
– Ўзбекистонда корхоналарнинг “жон сақлаб қолиши” учун ҳозирги иш жараёнида энергия тежамкорлиги ниҳоятда муҳим эканини тушунамиз. Буни Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқларида таъкидлаб ўтди. Энергия самарадорлигини ошириш, атмосферага зарарли моддалар чиқиндиларини камайтириш ва яшил технологияларни жорий этиш бўйича амалдаги UCG қоидаларига мувофиқ, биз "Кварц" АЖ заводида газ истеъмолини оптималлаштиришни режалаштирмоқдамиз.
Шиша ишлаб чиқариш энергия талаб қилади, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг беқарорлиги туфайли қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ҳали мумкин эмас. Масалан, 2022 йилнинг кузида газ билан боғлиқ муаммолар туфайли “Кварц” линиялари бутунлай тўхтаб қолди ва бутун термополировка қилинган ойна ишлаб чиқариш линияси капитал таъмирдан чиқарилиши керак эди. Шуни таъкидлашни истардимки, шиша заводлари атроф-муҳитни минимал ифлослантирувчи ва чиқиндисиз ишлаб чиқариш объектлари ҳисобланади.
— “Кварц” UCG учун қандай имкониятлар очади?
— “Қувасойцемент”га қўшилиш ҳар икки компания учун диверсификация қилиш имкониятини очиб беради: улар биргаликда қурилиш сегментини цемент, шифер, газ блоклари ва шиша билан тўлиқ таъминлай олади. “Кварц” айнан Ўзбекистондаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган “Қувасойцемент” заводига қўшилаётгани ҳам жуда муҳим.
Ушбу саноат бирлашмаси қурилиш компаниялари билан ишлашни осонлаштиради: улар цемент, клинкер ва архитектура ойналарини битта ишончли етказиб берувчидан олишади. UCG холдингига ўтгандан сўнг “Кварц” шиша заводи маҳсулот турларини кенгайтириб, ишлаб чиқаришни диверсификация қилишига ва халқаро стандартлар даражасига чиқишига умид билдиряпмиз.
Изоҳ (0)