Тошкент шаҳрининг «Янгиҳаёт» блокмасканида бир бош Европа кийигини машинасида тегишли ҳужжатларсиз олиб кетаётган шахс тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 январь куни ушбу блокпостда бир бош Европа кийиги олиб кетилаётган фуқаро Х.Ж. машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Суриштирув давомида ушбу ҳайвон эгаси эканлигини важ қилган фуқаро Б.Л. ва унинг шериги бўлган Х.Ж. воқеа жойида тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
Шу сабабли ушбу ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар Европа кийиги вақтинчалик сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.
«Экологуз»нинг ёзишича, Telegram’даги «Кўпкари отлар, От бозори» каналида икки ёшли Европа кийиги сотилиши ҳақида эълон берилган. Берилган эълонда кийик нархи 3 минг долларга баҳоланган ва манзил сифатида Тошкент кўрсатилган. Ушбу эълон 9 январь куни каналга жойлаштирилган.
Маълумот учун, Европа кийиги CITES’нинг I иловасига киритилган бўлиб, у йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини ўз ичига қамраб олади.
Ушбу турларни тижорат мақсадида экспорт, реекспорт ва импорт қилиш тақиқланади. I иловадаги намуналарни чет элга олиб чиқиш учун CITES’нинг ҳам экспорт, ҳам импорт рухсати олиниши талаб этилади.
Изоҳ (0)