Uzbekistan Trade Info лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилиб, Марказий Осиёнинг беш давлатида минтақавий ва халқаро савдонинг ривожлантирилишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. 23 ноябрь куни Тошкентда халқаро савдо марказининг миллий ҳамкорлар билан биргаликдаги Ready4Trade—Марказий Осиё лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, халқаро савдо маркази савдо муҳитини яхшилашга кўмаклашади, чегарадаги фаолиятни янада самарали бошқаришга, жумладан, Жаҳон савдо ташкилотининг савдо тартиботларини соддалаштириш битимини амалга ошириш воситасида ёрдам беради.
Ҳозирда ушбу платформада 47 та товар гуруҳлари ҳужжатлаштирилган ва биз ушбу товар гуруҳларини кенгайтирамиз, шунда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ушбу маълумотлардан савдо тартиб-қоидаларини амалга оширишда фойдаланишлари мумкин бўлади.Ушбу лойиҳа минтақадаги бир қанча давлатлар учун мўлжалланган, булар Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистондир. Платформа Ready4Trade лойиҳасининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, мазкур лойиҳа реализацияси трансчегара талаблари шаффофлигини ошириш, савдонинг меъёрий ва процедура тўсиқларини бартараф этиш, корхоналарнинг савдо расмиятчилиги ва стандартларига амал қилиш имкониятларини кучайтириш, шунингдек, трансчегаравий электрон тижоратни яхшилашга ёрдам беради, — дейди Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги шуъба мудири Анастасия Белова.
Халқаро савдо маркази ва Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Савдони соддалаштириш платформасини ишлаб чиқишда ҳамкорликни амалга оширмоқда.
Мазкур лойиҳанинг жорий этилиши тадбиркорлар учун ўзларини бизнесини олдиндан тўғри режалаштиришга ва келгусида аниқ, ишонч билан олиб боришга хизмат қилади. Бугунги кунда тадбиркорларни қийнаётган саволлардан бири қандай импорт ва экспорт қилиш мумкин, каби саволлар кўп. Ушбу порталда эса ҳар бир идоранинг экспорт-импорт жараёнларида талаб этадиган сарф-харажатлари, ҳужжатлари батафсил баён этилган, — дейди Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини енгиллаштириш бошқармаси бош инспектори Шукрулло Мўминов.Шу билан бирга, платформа тўлиқ автоном бошқарилиши учун масъул жамоа салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг хусусий сектор томонидан фойдаланишини таъминлаш устида иш олиб боради. Амалиётни қўллаб-қувватлаш учун давлат ташкилотлари ва хусусий сектор вакиллари учун ахборот семинарлари ташкил этилади.
Изоҳ (0)