Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Киев Москва билан асирлар алмашинувини амалга оширгани, натижада 45 ҳарбий хизматчи ва яна икки аскарнинг жасадини қайтаргани ҳақида маълум қилди, деб ёзади «РБК».
«Бу аскарларни уйда болалари кутмоқда, уларнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб турдик. Хавотирли кунлар, уйқусиз тунлар ўтиб кетди. Ҳаммаси яхши бўлади», — дейди Ермак.
Унинг сўзларига кўра, асирларни озод қилишда Украинанинг ҳарбий асирларни даволаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб-квартираси томонидан катта ёрдам кўрсатилган.
Россия томони эса ҳали алмашинув ҳақида эълон қилмади.
Россия Украинага уруш очгандан бери томонлар ҳарбий асирларни алмашиш ҳақида бир неча бор хабар берган. Аввалги алмашинув 10 ноябрь куни «35 га 35» форматида бўлиб ўтди, деган эди ЛХР раҳбари вазифасини бажарувчи Леонид Пасечник. «ЛХР халқ милициясининг 35 нафар ҳарбий хизматчиси Украина асирлигидан уйга қайтди», деб ёзганди у. Кейинчалик бу алмашинувни Украина томони ҳам тасдиқлади.
Ундан олдинги алмашинув эса 3 ноябрь куни «107 га 107» форматида бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)