Самарқандда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити давомида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мазкур ташкилот қудратли кучга айланиши кераклиги ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишдан Қозоғистон ҳам манфаатдор.
Туркий мамлакатларни бирлаштирган ташкилотлар тарихи шуни кўрсатадики, уларнинг аксарияти, жумладан, ТУРКСОЙ, ТуркПА ва Туркий академия Қозоғистон ташаббуси билан тузилган. Бу ташкилотлар қардош халқларимизнинг маданий-маънавий яқинлашувининг ҳақиқий дирижёрларига айланди. Ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда Туркистондаги Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети алоҳида ўрин тутади.
Қозоғистон ташаббуси билан Турк дунёси истиқболлари – 2040 дастури асосида Туркий давлатлар ташкилотининг стратегияси қабул қилинади. Шубҳасиз, мазкур ҳужжат давлатларимизни бирлаштирган ўзаро ҳамкорлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис ҳамкорлигимиз муваффақиятли бўлади, дейишга тўла асос бор.
Биз минтақавий ва глобал кун тартибидаги масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиб, қудратли ва нуфузли кучга айланишимиз керак. Ҳозирги геосиёсий ва геоиқтисодий қарама-қаршиликлар Евросиё қитъасининг иқтисодиёти ва транспорт-логистика тизимига салбий таъсир кўрсатмоқда. Биз барча чақириқ ва таҳдидларга биргаликда қарши туриш учун бирдамликни намоён этишимиз керак, — дейди президент.
Мавзуга доир: