Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Тошкент маликаси» Наргиза Олимова ёши катта томошабинларга «Сени излаб» фильми орқали яхши таниш. Аслида раққоса бўлган актриса фаолияти давомида бир нечта фильмларда рол ижро этган. Ролларининг сони кам бўлса-да, унга яхшигина шуҳрат олиб келган. Хўш, ретро фильмларда ўзига хос ролларни ижро этган Наргиза Олимова айни кунларда нималар билан банд? Бу саволга жавоб олиш учун у билан суҳбатлашишга қарор қилдик.

«‘Тошкент гўзали’дан кейин машҳур бўлиб уйғонганман»

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

— 1988 йилда илк марта гўзаллик танлови ўтказилди. Танлов билан боғлиқ маълумотлар газета-журналларда эълон қилинди. Ўша пайтларда ёш, ҳар нарсага қизиқувчан қиз эдим. Танловнинг якуний натижаларини эшитиб роса жаҳлим чиққанди. Чунки ўша йили донесклик қиз «Ўзбекистон маликаси» сифатида эълон қилинганди. Қўрқмай танлов ташкилотчиларига қўнғироқ қилиб арзимни айтганман. Шунда улар мен билан яқиндан танишишни ва келгуси танловда иштирок этишга таклиф қилишганди. Ростини айтиш керак, кутилмаган қарорим жуда қимматга тушган. Чунки у пайтларда бундай танловларда иштирок этиш ҳаёсизлик сифатида қораланар эди. Шундай бўлса-да, ортга қайтишни истамадим, шу боис 1989 йили ўтказилган танловда ҳакамлар ҳайъатидан чўмилиш кийимида чиқилиши керак бўлган шартлардан воз кечиб ўрнига миллий кийимда чиқишни илтимос қилдим. Танловдан кейинги воқеалар худди ширин тушдек содир бўлган. Бир кундаёқ машҳур инсонга айланиб уйғонгандек бўлганман.

«Саид Аҳмад мени ролга танлаган экан»

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

— Кинода суратга тушишни ҳаёлимга ҳам келтирмаганман. Табиатан масъулиятли инсонман, зиммамга илинган вазифани сидқидилдан бажаришга ҳаракат қиламан. 1991 йили марҳум ижодкор Саида Зуннунованинг «Гўдак иси» номли ҳикоялари асосида фильм олинадиган бўлибди. Кастингга таклиф этишди, ҳамма қатори иштирок этдим. Рости, фильмда иштирок этишни умид қилмагандим. Чунки мен билан бирга Мадина Мухторова, Лола Элтоева, Раъно Зокирова каби яхши актрисалар ҳам кастинг топширишганди. Аммо кастинг видеоларини кўрган Саид Аҳмад «Наргизанинг қиёфасида ўзбек аёлини кўряпман», деб ролга мени танлабди. Шундан кейин фильм муваффақиятли чиқиши учун чин дилдан ҳаракат қилдим. Марат Муқимов режиссёрлигида суратга олинган «Сени излаб» фильми кутилганидан ҳам яхши натижага эришди. Унда профессионал актёрлар билан бирга рол ижро этганим ҳам катта ютуғим бўлган.

«Мен актриса эмас, раққосаман»

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

— «Сени излаб» фильмининг суратга олиш ишлари якунланиши билан режиссёр Даврон Абдуллаевнинг «Қасамёд куни» номли фильмида суратга тушдим. Фильмда Наби Раҳимов, Али Ҳамроев каби устоз актёрлар ҳам суратга тушган. Режиссёр бош роллардан бирини менга ишониб топширган ва турмуш ўртоғим ролини Рустам Сагдуллаев, ўғлимни эса Достон Убайдуллаев ижро этган. Машҳур актёрлар суратга тушган фильм нега оммалашмади, деган савол кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Чунки фильм премьера қилинган куни уни катта маблағга малайзиялик продюсерлар сотиб олишган. Шу боис, фильм умуман юртимизда намойиш этилмаган.

Мен нечта фильмда суратга тушишимдан қатъий назар барибир актриса эмасман. Мен учун рақс санъати биринчи ўринда. Шу боис, роллар ижро этишга интилишим у қадар кучли бўлмаган. Аммо яқинда Ҳилол Насимовнинг таклифига кўра «Ватан остонаси» фильмида суратга тушдим. Чунки бу режиссёр билан аввал «Қасамёд куни» фильмида бирга ишлагандик. Ҳилол Насимов у пайтларда ёрдамчи бўлиб ишларди. Унинг фильмлари ҳаётдан олинади.

«Рақсда ҳам душманликлар бўлган»

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

Фото: Наргиза Олимованинг шахсий архивидан

— Ҳар бир инсонга маълум соҳага қизиқиш бўлади, кимдир тўсиқларни енголади ёки осонгина таслим бўлади. Акаларим раққоса бўлишимга жиддий қаршилик қилишган. Аммо меҳнатим билан ишончларини оқлаб, 25 йил давомида саҳнада ижод қилдим. Жуда кўплаб хонандаларнинг концерт дастурларида иштирок этдим. «Ўзбекистон» ансамбли билан кўплаб гастрол сафарларида бўлдик. Раққоса бўлганимдан ҳеч қачон афсусланмайман.

Аммо ижодим қийинчиликлардан ҳоли бўлган, ҳаммаси осон кечган деёлмайман. Ҳамма соҳада бўлганидек рақсда ҳам  менга душманчиликлар бўлган. Масалан, муҳим концертларда саҳна либосларимни ўғирлатиб қўйганим ёки саҳнага чиқишимдан олдин кўйлагимни қайчилаб қўйишган пайтлари ҳам бўлган. Чунки атрофдагилар ўзимникидан бошқа костюмни кийим саҳнага чиқмаслигимни яхши билишарди. Бундай қинғирликлар ҳар бир инсоннинг ҳаётида бўлиши мумкин. Муҳими, кўнгилни чўктирмай, олдинга қараб интилиш керак.

«Гўзаллик оддийликда...»

Фото: Скрин

Фото: Скрин

— Оддийликни яхши кўраман. Шу ёшимга қадар қошимни термаганман. Юзим ва сочимни оддий қатиқ билан озиқлантираман. Зарурат туғилмаса, юзимга ҳеч нарса суртмай фақат лаб бўёғидан фойдаланаман. Албатта, махсус тадбирлар учун пардоз қилишим мумкин, аммо бу ҳол ҳар куни ҳам бўлавермайди.

Саҳна абадий эмас. Ҳар нарсанинг вақт соати бор, анча йиллардан бери рақс билан шуғулланмайман. Аммо санъатни бутунлай тарк этганим йўқ, маданият тизимида фаолият юритаман. Сиёсатдан ҳам узоқ эмасман, десам бўлади. Айни кунларда «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида «Миллий рақсни ривожлантириш» бўлимида ташкил этилган. Унда бош мутахассис сифатида фаолият юритаман. Бу бўлим миллий рақсни ривожлантириш, йўл қўйилаётган камчиликлар ўрганади, — дейди Наргиза Олимова.

Мавзуга доир:

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Украина 2 та аэродромга дронлар билан зарба беришга уринди — Россия Мудофаа вазирлиги
Маҳаллий
Ўзбекистонда ноябрь ойида қанча чақалоқ туғилгани маълум бўлди
Маҳаллий
«Меҳнати кўп бўлса-да, маоши кам, олган пули ҳалол бўлсин». Жамоатчилик электр монтёрларни олқишламоқда