Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

АҚШнинг Оклахома штати қамоқхонасида 48 ёшли маҳбус Жон Баско ўлик ҳолда топилди.

Аввалроқ у болалар учун мўлжалланган Baby Shark қўшиғини мажбурлаб эшиттириш орқали қийноққа солинганидан шикоят қилганди.

Баско ўлимининг сабабини аниқлаш учун тиббий экспертиза тайинланган. Терговчилар унинг ўлимига гиёҳванд моддаларнинг  истеъмоли сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Жон Баско бир йил ичида ушбу қамоқхонада вафот этган 14-маҳбусга айланди.

2021 йилда Баско ва яна учта маҳбус қамоқхона ходимлари уларни Baby Shark қўшиғи билан қийноққа солганини маълум қилишганди. Маҳбусларнинг айтишича, улар қўшиқни қўллари кишанланиб, деворга қараб турган ҳолда «узоқ вақт» тинглашга мажбур бўлишган.

«Қўшиқ шу қадар баланд эдики, у бино йўлакларида акс-садо берарди», — дейилади даъво аризасида.

Натижада уч нафар қамоқхона ходими маҳбусларга нисбатан қўпол муомалада бўлганликда айбланган. Уларнинг икки нафари ишдан четлатилганди.

Маълумот учун, Baby Shark болалар учун мўлжалланган акулалар оиласи ҳақидаги қўшиқ бўлиб, Кореянинг Pinkfong компанияси маҳсулоти ҳисобланади.

Қўшиқ айни пайтда YouTube’да 11 миллиард 305 миллион мартадан кўп кўрилган бўлиб, энг кўп кўрилган видеолар рўйхатида пешқадам бўлиб турибди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар