Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази август ойидаги ишбилармонлик фаолиятини таҳлил қилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Солиқ тушумлари
Жорий йилнинг 1 январидан 31 августигача бўлган даврда мамлакатда солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,5 фоизга ошган.
Жумладан, Фарғона (38,7 фоиз), Самарқанд (36,3 фоиз), Сирдарё (35,5 фоиз), Сурхондарё (34,4 фоиз), Бухоро (32,3 фоиз), Хоразм (31,9 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (42,8 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар натижасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладанб жараёнларни рақамлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳисобига таъминланди.
Божхона тушумлари
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ошди.
Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Қорақалпоғистон (59 фоиз), Андижон (51,9 фоиз), Хоразм (48,6 фоиз), Бухоро (46,8 фоиз), Сирдарё (44,3 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (46,2 фоиз) кузатилди.
Божхона тушумларининг ўсиши ташқи савдо айланмасининг ўсиши, мамлакатда ишлаб чиқариш қувватларининг ошириши, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жумладан, божхона томонидан рискларни бошқариш тизимидан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланди.
Аввалроқ Ўзбекистонда контракт учун тўлов солиққа тортилмаслиги ҳақида хабар берилганди.