Хитой ва Ҳиндистоннинг Россия нефтига бўлган талаби Ғарб санкцияларининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтирди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
2022 йилнинг иккинчи чорагида бу давлатлар аввалгисидан 11 миллион тонна кўпроқ Россия нефтини импорт қилган.
Россиянинг Ҳиндистон ва Хитой бозорларидаги экспортидан тушган тушуми шу даврда 9 миллиард долларга ошди. Экспортнинг энг катта ўсиши Ҳиндистон йўналишида кузатилди, иккинчи чоракда мамлакатнинг импорти 0,66 миллион тоннадан 8,42 миллион тоннагача ўсди.
Бу даврда Хитойга нефть етказиб бериш ҳажми ҳам ошди. Май ойида Хитой кунига тахминан 2 миллион баррель нефть сотиб олди, бу 2022 йилнинг январь—февралига нисбатан 200—400 минг баррелга кўп.
Шу билан бирга, нашр ушбу давлатларнинг божхона статистикасига таяниб, Россия нефти уларнинг бозорларига сезиларли чегирма билан кириб келаётганини қайд этади.
Украинада уруш бошлангандан бери Хитойга экспорт қилинадиган Яқин Шарқ нефти бир тонна учун 700 доллардан 800 долларгача қимматлашди, май ойида эса Россия Хитойга хом ашёни эски нархларда етказиб беришни бошлади.
Шу билан бирга, АҚШ Халқаро Молия Институти ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг нефть ва газ компаниялари Ҳиндистон ва Хитой билан савдодан сезиларли фойда олишга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)