Қонунчилик палатасида Экологик партия фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари томонидан дастлаб «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни жамоат жойларида олиб юриш, тўй, маърака, юбилей ҳамда бошқа оилавий тадбир ва маросимларда улар билан бирга келиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, атрофдаги бошқа фуқароларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун жиддий хавф туғдириб, кўнгилсиз ҳолатларнинг юзага келишига олиб келмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган махсус гувоҳномаларсиз юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан сақлаш тақиқланмоқда.
Шунингдек, «Қизил китоб»га киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда Фанлар академияси билан келишган ҳолда ташкил этиладиган махсус питомникларда сақлаш, шунингдек, юридик шахслар томонидан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни ҳайвонот боғлари, террариумлар, цирклар, океанарийлар, дельфинарийлар, табиий питомниклар, илмий ва ўқув мақсадлари учун илмий ва таълим ташкилотларида сақлаш фақатгина Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган гувоҳнома асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Изоҳ (0)