Актриса бўлишни истамаган, бахтини иккинчи турмушидан топган, машҳур хонанданинг невараси Шаҳзода Матчонова 35 ёшда (фото, видео)
«Ўзимдан ўзимгача», «Барон», «Новда» фимларидаги роли орқали танилган актриса Шаҳзода Матчонова 8 август куни 35 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан «Дарё» нашри актрисанинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида маълумот беради.
Маҳоратли актриса Шаҳзода Матчонова 1987 йилнинг 8 август санасида Қорақалпоғистонннинг Нукус шаҳрида туғилган. У оилада уч нафар фарзанднинг ўртанчаси бўлган, яъни унинг акаси ва укаси бор. Актриса санъаткорлар оиласида вояга етган, унинг бобоси Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Бошқирдистон халқ артисти Байрам Матчонов ҳисобланади. Бўлажак актриса ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва Дипломатия университетига ўқишга кирган. У актриса бўлиш ҳақида умуман ўйламаган.
Кастингдан бошланган муваффаққият йўли
Орадан вақт ўтиб Шаҳзода Матчонова «Ўзбекфильм» директори назарига тушади ва шундан кейин у актирсага бир фильмда суратга тушиш учун синовдан ўтиши ҳақида гапиради. Актриса бунга рози бўлади ва бориб синовдан ўтишга ҳаракат қилади, бироқ ундан ўта олмаган актриса университетдаги ўқишини двом эттиради. Кўп ўтмай машҳур режиссёр Зебо Наврўзова унинг суратларининг кўриб кастингга таклиф қилади. Шундан сўнг у кастингдан ўтади ва 2007 йилда машҳҳур хонанда Шоҳруххон иштирокидаги «Апрель май» фильмида илк ролини ижро этади.
Ижод денгизига ғарқ бўлган актриса
Илк фильмдаги ролидан кейин томошабинларнинг эътиборига тушган актрисага кўплаб режиссёрлар томонидан таклиф берила бошлайди. Шундан кейин бир қатор фильмларда суратга тушади.
Шаҳзода 2009 йилда Фарруҳ Соипов ҳамда Тимур Примқулов режиссёрлигида суратга олинган «Қалбим ўғриси» фильмида бош ролни ижро этган. Унинг қаҳрамони бадавлат оила фарзанди бўлиб, уйига ўғриликка тушган йигит (Фарруҳ Соипов)га кўнгил қўяди.
Бундан ташқари актриса иштирокидаги «Осий банда», «Тўқликка шўхлик», «Барон», «Новда» фильмлари мухлисларнинг қалбидан жой олган.
«Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси»га айланган Шаҳзода Матчонова
Актриса Шаҳзода Матчонова Қирғизистонда «Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси» йўналишида «Ак Илбирс—2018» миллий мукофотини қўлга киритган. Мазкур мукофот 2012 йилда таъсис этилган бўлиб, 2017 йилдан бошлаб Марказий Осиёдаги энг яхши актёр ва актрисалар ҳам тақдирланишни бошлади.
Мухлисларини китоб ўқишга чорловчи актриса
Шаҳзода Матчонова Instagram’даги саҳифаси орқали мунтазам равишда фолловерларига ўқиган китоблари ҳақида маълумот бериб келади. У мухлисларига Виктор Гюгонинг «Кулаётган одам», Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичкина Шаҳзода», Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар», Тоҳир Маликнинг «Иблис девори» асарларини ўқишни маслаҳат берган.
Ижтимоий тармоқларда фаол актриса
Актриса Шаҳзода Матчонова ижтимоий тармоқларда анча фаол. Унинг Instagram саҳифасида икки ярим миллиондан ортиқ обуначи бор. Шаҳзода Матчонова саҳифасига ўзининг турли хил суратларини ва гоҳида мухлисларини кайфиятини кўтарувчи пост ҳам жойлаб туради. Масалан, актриса Голливуд юлдузи Леонардо Ди Каприонинг мухлиси эканини, у уйланаётган пайтда саҳифасига бу ҳолатдан кайфияти йўқлигини ҳазил тариқасида маълум қилган.
«Кайфиятим йўқ. Айтишларича, Лео Ди Каприо уйланаётган экан. Майли, нима ҳам қилардим. Бахтли бўлсин!», — деб ёзади Шаҳзода.
Пуфаклар билан хаёлан парвоз
Шаҳзода Матчонова Instagram'даги саҳифасида пуфакларни яхши кўриши ҳақида бир неча бор таъкидлаган. Актриса мухлисларига коронавирус карантинига қадар унга совға қилинган 8 мингта пуфак билан тушган суратларини кўрсатган.
Актрисанинг Instagram саҳифасида унинг минглаб пуфаклар билан тушган расмларини кўриш мумкин.
Кўплаб тилларни билувчи полиглот актриса
Китобхон актриса сифатида кўпчиликка таниш Шаҳзода Матчонова рус, инглиз ва турк тилларини билади. Қайд этиш керакки, у Instagram саҳифасидаги постларининг аксариятини рус тилида ёзади.
Шаҳзода Матчонова нима сабабдан шахсий ҳаётини сир тутади?
«Шахсий ҳаёт шахсий масала ҳисобланади. Санъаткор инсон шахсий ҳаётини сир сақлашга ҳаққи бор. Мен ҳам шундай фикрдаман. Шахсий ҳаётимни одамларга кўрсатишни нотўғри деб биламан, чунки ҳар хил одам бор. Кимдир кўра олмайди, кимдир ёмон кўз билан қараши мумкин. Мен буларга жуда эътибор бераман. Шунинг учун ҳам шахсий ҳаётимни, оиламни, турмуш ўртогимни, ота-онамни ҳеч қачон ижтимоийй тармоқларга намойиш қилмайман. Оилани ‘ёпиқ мавзу’ деб биламан», — дейди актриса.
Актриса нима сабабдан кўп ҳолларда қора рангдаги либослар кияди?
«Стилистлар бу рангни маслаҳат бермайди ва мен улардан маслаҳат олмайман. Менга нима ёқса ва ярашса шуни киявераман. Қора кийимларни жуда яхши кўраман. Менимча, қора кийимлар аёл кишига бошқача ҳиссиёт беради. Бироқ қора кийимлардан кўпроқ оқ кийимларни кияман деб ўйлайман», — дейди Шаҳзода Матчонова.
«Одамлар билан гаплашишни жуда ёқтираман, мухлисларим билан ҳам кўп гаплашиб тураман. Ижтимоий тармоқлар орқали жуда яхши нарсаларни ўрганиш мумкин. Масалан, мен кўпинча Instagram, Facebook'дан фойдаланаман. Ҳар хил психологик мавзулардаги видеоларни кўраман.
Ҳаётда яхши инсонлар жуда кўп. Севги, дўстликка ишонаман. Санъат оламида ҳам яқинларим бор, чунки бизнинг ишда ички дунёқарашларимиз бир хил. Бироқ ишдаги ҳам, кўчадаги ҳам, соҳамиздаги инсонларнинг ҳаммасини ҳурмат қиламан», — дейди актиса.
Актриса қандай инсонлардан қўрқади?
«Ваъдасида турмайдиган эркакларни ҳурмат қилмайман, чунки мен учун эркак кишини жуда мард, сўзида турадиган, бир гап айтса бажарадиган бўлиши керак деб биламан. Шунинг учун ваъдасида турмайдиган эркаклар мен учун жуда қўрқинчли», — дейди Шаҳзода Матчонова.
Шаҳзода Матчонова қайси партнёри билан осон ишлай олиши ҳақида
«Ҳар бир партнёрим билан тил топишиб, осон рол ўйнайман. Одамлар билан тил топишиш мен учун жуда осон кечади. Қандай инсон бўлишидан қатъи назар мен инсонларни яхши кўраман. Шунинг учун ижодимда ҳеч қайси партнёрим билан қийинчилик бўлмаган», — дейди актриса.
Актриса қандай ролларни соғинган?
«Ундай роллар йўқ. Ҳозирча унақа тушунча йўқ. Лекин жуда ҳам суратга олиш жараёнларида иштирок этишни соғиндим. Бари бир актёрлар қанча вақт ўтса ҳам бу жараённи соғинаркан. Бир хил рол ўйнашни ёқтирмайман», — дейди Шаҳзода Матчонова.
Иккинчи турмушдан топилган бахт
Шаҳзода Матчонова илк марта 2016 йилда турмуш қурган, бироқ актриса орадан кўп вақт ўтмай ажрашганини маълум қилган. Актриса Instagram’даги саҳифасида меҳрибонлик уйидан бола асраб олиш нияти борлиги ҳақида ҳам гапирган. Иккинчи турмушидан бахтини топган актрисани ҳозирда қизи Ранияни тарбия қилмоқда. Шаҳзода Матчонова турмуш ўртоғи унга ҳеч қачон қўл кўтармаслигини таъкидлаган.