Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Ўзбекистонда ишчи ташриф билан бўлиб турган Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микайил Жаббаров билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар қилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Қайд этилишича, учрашув давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Томонлар жорий йилнинг июнь ойида Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга ташрифининг аҳамияти ва натижадорлигини таъкидлаган. Олий даражадаги тўғридан-тўғри мулоқот барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришга, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги "ўсиш нуқталарини" кашф этишга имкон яратган.

Суҳбат давомида сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Озарбайжон капитали асосида ташкил қилинган қўшма корхоналар сони 4 баравар кўпайиб, 243 тани ташкил этгани айтилган. Ўз навбатида, Озарбайжонда ўзбек капитали иштирокида 70 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Томонлар нефть-газ, кимё саноати, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган 87 та қўшма лойиҳа ва савдо шартномаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олган.

Бундан ташқари, мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон—Озарбайжон Инвестиция жамғармасини ташкил қилиш ташаббусини амалга оширишни давом эттириш ниятида эканликларини тасдиқлаган. Шу муносабат билан қисқа вақт ичида унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича «йўл харитаси»ни шакллантиришга, шунингдек тегишли Ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқишни бошлашга келишиб олган.

Транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилиш чоғида музокаралар иштирокчилари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида халқаро автомобиль транспорти тўғрисидаги ҳукуматлараро битим доирасида амалий чора-тадбирлар қабул қилишни жадаллаштиришга, шунингдек, «Каспар» паромларида Каспий денгизи орқали Ўзбекистон учун товарлар ортилган вагонларни ташишни тезлаштиришга келишган.

Алоҳида тартибда томонлар жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда миллий товарлар кўргазмасини ташкил қилиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудларининг Биринчи форумини юқори даражада ўтказишни назарда тутган ҳолда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилган. Форумга тайёргарлик кўриш доирасида инвестиция лойиҳалари пакетини ҳамда ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.

Учрашув якунида иқтисодий шерикликни ривожлантиришда аниқ натижаларга эришиш учун муҳокама қилинган барча соҳаларда биргаликда ишлашни давом эттиришга содиқлик билдирилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Спорт
Tata Steel Чесс 2023. Нодирбек Абдусатторов америкалик рақиби билан дуранг ўйнади ва ҳамон мусобақа пешқадами бўлиб турибди. Жавоҳир Синдоровда ҳам дуранг
Маҳаллий
Сурхондарёдан топилган айиқ боласи зоопаркка топширилди
Маҳаллий
Ўзбек тили дарслигида мусиқа асбоблари номи хато ёзилгани айтилди (видео)