Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида Nexia машинаси ҳайдовчиси пиёдани уриб, воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Вилоят ИИБга номаълум машина йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориб, қочиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса юз берган жойга зудлик билан ИИБ ходимлари етиб борганида жабрланувчи Ғаллаорол тумани «Бахт» маҳалласида яшовчи, 1953 йилда туғилган фуқаро экани ва у оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этгани маълум бўлган.
Шундан сўнг вилоят бўйлаб пиёдани уриб қочиб кетган ҳайдовчига қидирув эълон қилинган. Олиб борилган суриштирувлар давомида мазкур жиноятни Зарбдор тумани «Нуробод» маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ўз бошқарувидаги Nexia машинаси билан содир этгани аниқланган.
Ҳайдовчи аввалига пиёдани уриб юборганини тан олмаган. Аммо машина текшириб кўрилганда унинг олд қисмида зарба излари борлиги маълум бўлган. Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)