Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев Қорақалпоғистондаги воқеаларга ўз муносабатини билдириб ўтди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Кеча барчамиз жондўст қорақалпоқ заминида рўй берган воқеалар ривожини кузатдик. Хусусан, Конституциявий комиссия аъзолари ҳам вазиятни диққат билан кузатди, тармоқда янграётган фикрларни таҳлил қилиб борди. Бир гуруҳ популистлар провакацион ҳаракатлар натижа беришидан умид қилиб, шиорбозликка берилиб, халқни кўчага чиқишга чорлади.

Таъкидлаймизки, Конституциявий комиссия томонидан тақдим қилинган қонун лойиҳаси охир-оқибат Ўзбекистон халқининг, жумладан, Қорақалпоқларнинг ҳам орзу-интилишлари ифодаси бўлади. Оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга уринган иғвогарлар қорақалпоқ халқининг умумий фикрини ифода қилмайди.

Ҳужжат тор доирада муҳокама қилинмаяпти, умумхалқ муҳокамаси ўтказиляпти. Шу омилнинг ўзиёқ давлатнинг очиқлик сиёсати, ҳар бир ишда халқ фикри билан ҳисоблашишини кўрсатади. Демократия ва ошкораликни оммавий тартибсизликка айлантириш қандай оқибатларга олиб келганига ҳозир ўнлаб мисоллаб келтиришим мумкин. Лекин шусиз ҳам ҳаммасини ҳис қилиб турибсиз, деб ўйлайман.

Комиссия ушбу ҳолатга доир расмий муносабатини беради. Ҳозир эса қисқача қилиб бир гапни айтишимиз мумкин: халқ фикрини ифода қиладиган минбарлар, муҳокама майдонлари – провакаторларнинг ресурслари эмас.

Биз бу вазиятга янада жиддий ёндашишимиз лозимлигини тобора равшанроқ тушуняпмиз», – деб ёзган Тожиев.

Изоҳ
Асосий янгиликлар