Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Бугун 27 июнь Матбуот ва ОАВ ходимлари куни. Журналистлар касб байрами. Ҳа, журналист ҳам одам, журналист ҳам байрам қилиб туради. Бир йилда бир марта.

Шу куни турли ташкилотлардан журналистларга байрам совғалари юборилади. Блокнот, ручка, календарь... Бойроқ ташкилотлар бўлса, совғалар ичига битта флешка ҳам қўшиб юбориши мумкин. Битта заҳматкашга эътибор бўлса шунчалик бўлади-да...

Шу ўринда кўпчиликда битта савол туғилиши мумкин. Журналист ўзи ким? Тўғри, журналист ҳақида кўпчиликда маълум тасаввур бор. Кино ва сериаллар орқали шаклланиб қолган стереотип. Лекин бу журналист ҳақида тўлиқ тушунчани бера олмайди. Қуйида сизга энг қадимги касблардан бири бўлмаса ҳам, энг қадимги касблардан бири бўлган бошқа касбга кўп солиштириладиган журналистикага таъриф беришга уриниб кўрамиз.

Журналист — бу ҳеч ким. Аниқ бир йўналиши йўқ касб. Номи жимжима, ўзи ҳеч нима. Унда ҳар бир касбдан бир бўлак бор. Журналистикага оид ўзига хос баъзи атамалар бор. Бу атамаларнинг Ўзбекистондаги маъноси бошқа давлатлардагидан фарқ қилади.

Тадбир — икки соат зерикарли маърузаларга сабр қилсанг, бепул мазали қаҳва билан печенье берадиган, кетаётганингда учи ўткир очилган қаламни ўзинг билан олиб кетишинг мумкин бўлган йиғилиш.

Пресс-тур — «катта автобусда текинга ‘катайса’ қилдириб, текинга еб-ичириб келганимиз ва қўлингга логотип туширилган ручка билан блокнот тутқазворганимиз учун биз ҳақимизда ошириб-тошириб мақола ёзишиниг керак» деб номланган саёҳат.

404 not found — бақириб туғилган, лекин узоқ яшамаган мақолалар қабристонидаги барча қабртошлардаги ёзув.

Брифинг — мавзу бўйича фақат «тепа»дан тасдиқланган маълумотлар ўқиб эшиттириладиган ҳамда ноқулай саволлар берилиши аниқ бўлгани учун савол бериш тақиқланган тадбир.

Матбуот анжумани — мавзу бўйича фақат «тепа»дан тасдиқланган маълумотлар ўқиб эшиттириладиган ҳамда ноқулай саволлар берилиши билан гапни айлантириб, тадбирга якун ясаладиган анжуман.

Интервью — журналистнинг аввалдан тайёрлаб келган саволларига респондентдан тасдиқ олгач, жавобларни ҳам ўзи ёзиб чиқадиган жанр тури.

Блогер — журналист 4 йил ўқиб келган соҳасига ҳеч қаерда ўқимай бурнини суқиб, нонини яримта қилаётган, аввалига танқид қилиб, эътибор тортадиган, кейин эса пулини олиб, танқид қилинганни мақтайдиган журналистикадаги отарчилар (Ҳаммаси эмас, албатта!)

Бу таърифлардан кейин сизда бир савол туғилиши мумкин: журналист ҳам одамми? Жавоб шундай: йўқ, журналист одам-подаммас. У ўз номи билан журналист.

Дунёни сув босса ҳам бир кишилик қайиқда ўтириб мақола ёзадиган, ўрмонга ўт кетса ҳам, яқинига бориб, расмга олишга интиладиган, ҳаммани инига қамайдиган юқумли касаллик тарқалса ҳам, битта ниқобни ўзини тақволиб, материал тайёрлаш учун касаллар ётган шифохонага таваккал кириб кетадиган, уруш бўлса ҳам, каска кийиб отишма жойидан репортаж тайёрлайдиган ИНДИВИД тури. Унга бошқача таъриф бериб бўлмайди.

Муҳим факт. «Сўз эркинлиги» аввал Humo қушига ўхшарди. Ҳамма гапирарди, ҳар ерга расми чизиларди, лекин ҳақиқийсини ҳеч ким кўрмаганди. Сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришлар натижасида, бу қуш Humoдан товусга айланди. Кўз билан кўриш мумкин, расмга олиб, тарқатиш ҳам мумкин. Бир кун келиб бу қуш ҳар қадамда учрайдиган кабутарга айланишига ҳам умид ва ишонч бор.

Байрам билан, ҳамкасблар!

Ёқубжон Бобожонов

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди