Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган — «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасида аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга) Ўзбекистон ва жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш механизмларини тартибга солиш кўзда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа билан географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни тайёрлашда мазкур географик объект жойлашган ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олиниши белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан депутатлар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялари билдирилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда бош вазир Абдулла Арипов қишлоқ ва маҳаллаларнинг мантиқсиз номларини танқид қилганди. «Гап маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий комиссияларнинг ‘етар, энди бу номни ўзгартирамиз’ деб, амалий ҳаракатни бошлашида қолган. Жойларни номлаш нозик масала. Бунга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бу соҳада қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиниши лозим. Маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик шарт ва зарур. Одамларнинг исмлари билан, шунингдек, тарихий воқеалар шарафига номлаш ва қайта номлаш соҳасида белгиланган чекловларга риоя қилинишини таъминлашимиз лозим бўлади», — деган эди Абдулла Арипов.
Изоҳ (0)