Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда ўқиётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимизнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Лойиҳанинг бу галги қаҳрамони — Германиянинг Caritas Fortbildung институтида магистратурада таҳсил олаётган Нодира Назар.

Нодира Назар 1991 йил Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Нўғайли қишлоғида таваллуд топган.

Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг роман-герман филологияси факультетини тамомлаган. Рус, инглиз, немис ва турк тилларини билади. Ушбу тиллардан ўзбек тилига таржималар қилади. Бир қатор шеърий тўпламлари чоп этилган. 

Ҳозирда Германиянинг Мунстер шаҳридаги Caritas Fortbildung институтида магистратурада таҳсил олмоқда.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Германияга кетиш орзуси менда ҳеч қачон бўлмаган

Болалигимда бошқалар каби хорижда ўқийман, ишлайман, деган орзум бўлмаган. Онам мактабда немис тилидан дарс берарди. Тилни ҳам улардан ҳеч йўқ ўқитувчи, жуда борса, таржимон ёки халқаро журналист бўламан, деган ниятда яхши ўрганганман.

Эсимда, 5-синфда ўқиб юрган пайтларим, онам уйимизда абитуриентларга репетиторлик қиларди. Мен ҳам болалар билан бирга берилган барча вазифаларни бажариб ўтирардим. Шунинг учунми, немис тилим жуда кучли бўлган.

Мактабни битириб, юридик йўналишда ўқишни жуда истагандим. Бироқ оиламиздаги турли иқтисодий етишмовчиликлар сабаб фикримдан қайтишга мажбур бўлдим.

Тенгдошларим қатори репетиторларга қатнаб юрмадим. Немис тилини яхши билганим учун Жаҳон тиллари университетига ҳужжатларимни топширдим ва тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим.

Талабалик пайтларим турли халқаро дастурларда қатнашиб, Германияга бораман деб юрардим, лекин бу истагим у қадар жиддий эмасди.

Университетни битириб, иш излай бошладим. Очиғини айтсам, баланд маошли тугул, тайинли иш жойи топишга жуда қийналдим. Боиси ҳатто пойтахтдаги мактабларда ҳам немис тилига дарс соатлари кам миқдорда ажратилганди. Ҳамма ерда инглиз тили сўраларди.

Шу боис инглиз тили бўйича 6 ойлик қўшимча малака оширишда ўқиш учун Жаҳон тиллари университетига ҳужжатларимни топширдим.

Қишлоқда эса уйдагиларим ўқишни ҳам битирганимни, энди эрга тегишим кераклигини айтиб, ҳоли жонимга қўйишмасди. Айниқса, дадам ўзи таниган бой хонадонга мени узатиш ниятида эди.

Хуллас, уйдагиларнинг қистови билан учрашувга чиқдим, йигит билан негадир чиқишолмадик. Бир-биримизга мос эмасдик гўё. Лекин отамнинг раъйига қарши боролмадим.

Улар «Ўғлимиз билан Тошкентда яшайди, керакли барча шароитларини қилиб берамиз» дейишяпти-ку, тўйдан кейин балки ҳаммаси рисоладагидек бўлиб кетар, деган умидда рози бўлдим. Бир ой ичида тўйимиз бўлди.

Афсуски, биринчи кундан гапимиз қовушмади, ҳатто тўйдан аввалги кунлар ҳам бегонадек эдик. Лекин ҳаммаси яхши бўлишига умид қилардим.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Орадан кўп ўтмай малака оширишдаги ўқишим туфайли Тошкентга биргаликда келдик ва қайнопамнинг уйида яшай бошладик.

Икки хонали домда биздан ташқари қайнопам ва эри, қайнукам аёли билан турарди. Уй кичкиналиги учун аёллар бир хонада, эркаклар эса бошқа хонада ухларди. Балки шу ҳам орамизга совуқчилик туширгандир, билмайман.

Эрим Россияга бориб-келиб, ишлаб юрган бола эди. Ҳали Тошкентда бирор ишга жойлашмаганди. Пул топмагани учун мен йўлкира ва бошқа харажатларга қайнукамнинг қўлига қараб қолгандим ёки курсдошларимдан қарз олиб, ўқишга қатнаб юрардим.

Қистовим билан укасининг машинасини олиб, ора-сирада кира қилишни бошлади. Ўқишдан ташқари у Тошкентни яхши билмагани учун биргаликда таксичилик қилар эдик. Шу жараёнда ҳам дилим оғриган ҳолатлар, уйга йиғлаб қайтган кунларим кўп бўлган.

Табиийки, ўқиш, иш билан бўлиб, кеч келардим, уй ишларини рисоладагидек бажаролмасдим. Бундан унинг қаттиқ жаҳли чиқарди.

Хуллас, кунларимиз жанжал, моддий етишмовчиликлар билан ўтаверди. Бир куни у менга қўл кўтарди ва мен ҳаммасига нуқта қўйдим.

Дадамга бориб, вазиятни тушунтирдим. Улар қароримга эътироз билдирмади. Чунки орамиздаги муносабатдан хабардор эди. Шунча пайт дадамнинг «сабр қил, қизим, ҳозир уйга қайтсанг, одамлар гап-сўз қилиб юборишади,» деган гаплари учун сабр қилар эдим. Афсуски, тоқатим узоққа етмади.

Дадамнинг «… бўлди, яшолмайсан, келавер, қизим», деган гапидан сўнг ҳеч кимга ҳеч нима демай, ота уйимга кетдим. Эртаси куниёқ ажримга ариза топширдим. ФХДЙ бизга уч ой вақт берди.
Бу орада дадам айтгандек, гап-сўзга, бокиралик билан боғлиқ не-не туҳматларга қолдиришди. Кўпчилик танишларим ҳатто ўзимга қўнғироқ қилиб, «шундай гап эшитдик, сени куёв уйингга ташлаб кетибди-я», дея уялмай сўрашди.  Нима бўлган тақдирда ҳам, фикримни ўзгартирмадим. Куёв тараф олиб кетамиз, деб неча бор келишса ҳам, рози бўлмадим.

Бошқа аёллар каби калтак еб яшашни ўзимга раво кўрмадим

Ҳаётим одатдагидай ўқиш, иш билан ўтаётган пайтим бирдан дадам вафот этди. Ҳақиқий қийинчиликлар шундан кейин бошланди. Ўша пайтлари ака-опаларим, бутун қариндошлар мендан норози эди.

Дадамнинг вафотига мен сабабчи эдим гўё. Мени ўртага олиб, «эринг билан яраш, уйингга қайт, ҳамма шунақа чидаб, сабр қилиб, яшаб юрибди» деб насиҳат қилишарди.

Лекин бошқа аёллар каби калтак еб, қийналиб яшашни ўзимга раво кўрмадим, ярашмайман дедим. Ака опаларим гапига кирмаганим учун мендан хафа бўлишди, орамизга совуқчилик тушди.

Маъракалардан сўнг одамлар бирин-кетин уйимизга пул сўраб келишни бошлади. Дадам контрактим, тўйим ва уйнинг камлари учун учун кўпчиликдан қарз кўтарган экан. Табиийки, қарзларни узиш ҳам менинг зиммамга тушди.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Бироқ топаётган пулим билан ҳали-вери отамнинг қарзларини узолмасдим. Четга кетиш ҳақида ўйлай бошладим. Немис тилини яхши билганим учун мен учун энг мақбул давлат Германия бўлди.

Интернетдан BFD (Bundesfreiwilligendiyenst) дастури ҳақида ўқиб қолдим. Бунда Германиядаги ёлғиз қарияларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тил биладиган ёшлар танлаб олинарди ва ойлик ҳамда ётоқ-жой билан таъминларди. Шунга яраша ҳужжат топширган кўп, ғолиб бўлиш учун бир қатор босқичлардан ўтиш керак эди. Баъзилар жавобларини йиллаб кутишарди.

Тошкентдаги бир агентлик орқали ҳужжатларимни топширдим, барча суҳбатлардан муваффақиятли ўтдим. Омадим келиб, бир ой ичида ишим ҳал бўлиб кетган, ўзим ҳам бунчалик тез бўлади деб ўйламагандим.

Германияга кетишга имкон бор-у, фақат билетга бир сўм ҳам пулим йўқ эди. Бир амаллаб, компьютерларимни сотиб, етмаганига курсдошларимдан қарз олиб, 2017 йили Германияга қараб йўл олдим.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Германия ҳар тарафлама тоза мамлакат

Илк келган куним ҳеч эсимдан чиқмайди. Самолётда бир амаки билан гаплашиб келгандик. Ўғиллари меҳмонга чақирган экан. Ўша кишига ҳам, ўғилларига ҳам роса ҳавас қилгандим, чунки ота-онани бу ерга меҳмонга чақириш ҳам осон эмаслигини кўп эшитгандим.

Узун-узун автобуслар, салқин ҳаво, бир-бири билан иши йўқ одамлар… Бир олам таассурот олганман.

Айниқса, фақат китобларда кўрган немисча сўзларни автобусларда, бекатларда, йўлларда кўриб, наҳотки мен Германиядаман, деб ич-ичимдан қувониб кетардим. Кўзларимга ишонмасдим.

Чунки бу кунгача жуда-жуда қийинчиликлар, синовлар, оғриқларни бошдан кечиргандим. Бўлди, ҳаётим тугади, деб ўйлаган жойимдан мен учун янги бир саҳифа очила бошлаган эди… Германия менга кулишни ўргата бошлади.

Турар жойим, еб-ичишим, ойлигим тайин бўлса-да, барибир бошида қийналган. Янги дунёга кўниколмаслик, бегоналик ҳисси мени ҳам четлаб ўтмаган. Ҳатто олмонлар жуда совуқ халқ экан, деган фикрлар ҳам хаёлимдан ўтган, лекин вақт ўтган сари фикрлар ўзгара бошлади.

Кўчаларда одамлар кам. Автобусларда ҳам ёши каттароқ одамлар кўп учрарди, ҳозир ҳам шундай. «Бизда кўчалар ёшлар билан тўла-ку, бу ерда нуқул 40-70 ёшлардаги одамларга дуч келаман» деб ўйланардим. Кейинчалик билдимки, мамлакатда туғилиш кам. Ёшлар кўпинча ўқиш ва машғулотлар билан жуда банд бўлади.

Кўча тўла велосипед ва исталган жойда қулфлаб қолдириб кетиш мумкин. Ҳеч ким ўғирламайди. Мен бошида велосипедимни қулфлаб ҳам ўтирмасдим ва ҳеч афсусланмаганман.

Қолаверса, Германия ҳар тарафлама озода мамлакат. Бири кўчалардаги чанг-ғуборнинг йўқлиги бўлса, иккинчидан, иш, ўқиш — фаолиятдаги тозалик. Бу ерда коррупция, таниш-билишчилик, ёлғон йўқ! Бунга беш йиллик ҳаётим давомида кўп бора амин бўлдим.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Бизда қизлар одамнинг кўзига қараб гапириши уят, Германияда эса...

Гарчи бундан хабарим бўлса-да, немисларнинг бир-бирига сенсираб гапиришлари жуда ғалати кўринган. Бизга ўхшаб бу одам ёши катта, ҳурмат қилиш керак деб қараш йўқ.

Қайтага, сенласангиз, мени ўзига яқин кўрди деб хурсанд бўлишади. Лекин мен ҳалигача сенлашга қийналаман.

Яна мени ҳайратлантирган жойи, олмонларда кўзни олиб қочиш — ёлғон гапиришдан дарак, деган фикр мавжуд экан. Шунинг учун суҳбатлашаётганда кўзларини ўша одамдан узмасдан гапиришади.

Эсимни таниганимдан бери дадамнинг «аёл киши бировнинг кўзига тик боқмайди, онанг ҳалигача менга бундай қарамайди» деган гапларини эшитиб ўсганим учунми, бунга кўникишим жуда қийин бўлган. Ҳозир эса буни бироз уддалаяпман.

Мен олмонларнинг тўғрисўзлигида, бировнинг ҳақини емаслигида, ёрдамга тайёр, очиқлигида исломни кўраман. Афсуски, уларнинг дини бошқа. Эътиқодидан келиб чиқиб, баъзида худога ширк келтириб қўйишаётганларини сезаман.

Яна ҳар хил вазиятлар бўлади, баъзида нолиймиз. Қолган барча ҳаракатлар инсонлар учун! Менинг назаримда Германия демократияси ўз халқининг барча хатолари устидан ғолиб келади.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Озгина пул жамғариб, ортга қайтаман дердим

Келганимдан сўнг дастур доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож қарияларга ёрдам кўрсатдим. Ойлигимнинг қўлга тегиши 500 евро атрофида эди. Икки йил давомида топганимни онамга жўнатиб, дадамнинг ва ўзимнинг қарзларимни уздим.

Уйнинг кам-кўстига ёрдам бердим. Кейин Caritas Fortbildung институтига магистратурага топширдим.

Ўшанда кўпчилик танишларим бундан юқорироқ олийгоҳларга киролишимни айтишди. Аммо ўша пайтлари Тошкентдан уй сотиб олсам бўлди, қайтиб кетаман, деган ниятим борлиги учун бошқа университетга кириб, вақт, маблағ йўқотгим келмади.

Контракти йўқ, ҳар ой стипендия берадиган Caritas Fortbildung институтининг Имконияти чекланганлар билан ишлаш йўналишига ҳужжатларимни топширдим. Ўқиш давомида эса ортга қайтиш ҳақидаги фикрларим бутунлай ўзгарди.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Мамлакатда ўртача иш ҳақи 4 минг евро атрофида

Кўпчилик учун жуда қизиқ бўлган ойлик даромадларга келсак, мамлакатда ўртача иш ҳақи 2000-4000 еврони ташкил этади. Талабаларнинг ишлашига қонуний рухсат бор. Фақат уларнинг даромадига чеклов бор, яъни маоши 450 евродан ошмаслиги керак.

Даромадга нисбатан озиқ-овқат маҳсулотлари жуда арзон. Биз ўзбеклар кўпинча ўзбек сўми билан ҳисоблаб, шунча қимматга оламанми, деб бир-бир ҳазиллашиб турамиз. Умуман олганда, бир ойда 200 евро етади, ўртача. Лекин ҳар куни бирор тамаддихонадан овқатлансак, табиийки, 1000 евро ҳам кам.

Айни пайтда ўқиш билан биргаликда Check 24 компаниясида саҳифаловчи бўлиб ишлайман. Гёте институтининг кўплаб лойиҳаларда таржимон сифатида қатнашаман. Ўртача даромадим ҳозирча 2500-3000 евро атрофида. Худо хоҳласа, ўқишни яхши тамомлаб олсак, бу рақамлар, албатта, ўзгаради.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Билимли инсон ортда қолиб кетмайди

Университетларида ўқиш учун биздагидек имтиҳон топшириб ўтирмайсиз, ҳисобингизга 9600 евро пул қўясиз ёки Германия фуқароси бўлган кимнингдир кафиллигини оласиз, бўлди, масала ҳал — ўқийверасиз!

Германияда ўқишнинг энг қулай тарафи — ҳар куни дарс бўлмайди. Ўзингиз неча йилларда тамомлашни ҳисоблаб танлайсиз, масалан, 4 ёки 6 йил. Термин олиб, имтиҳон топшириб келаверасиз. Бўш вақтлар тайёргарлик кўрилади ёки ишлаш мумкин. Менинг йўналишимда 2 ой дарс, 3 ой амалиёт шаклида давом этилади.

Умуман олганда, ҳаммаси ўз қўлингизда! Имтиҳондан ўтолмадингизми, имкон беришади. Шунда ҳам эплолмасангиз, дипломсиз қоласиз. Таниш-билиш ёки пора каби нарсалар ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Менга ҳам айнан шу шаффофлик ёқади, чунки билимли инсон ортда қолиб кетмайди. Ҳар ким меҳнатига кўра баҳоланади.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

 Ҳар кимга бир марта бўлса ҳам, имконият берилиши керак

Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистон ва Германия таълим тизими орасида жуда катта фарқ бор.

Назаримда, бизнинг олий таълим муассасаларида абитуриентлар синов муддати асосида қабул қилиниши, маълум бир вақт ўтганидан сўнг, имтиҳон билан ўқишда қолиши ёки кетиши ҳал этилиши керак.

Чунки ҳар бир инсон илм борасидами, шахсий ҳаётдами — умуман, у ўзини топиши мумкин жараёнларда бир марталик имкониятга эга бўлишга ҳақли деб биламан. Контракт, супер-контрактлардан ҳам воз кечилса, бизда ҳозиргидан ҳам кўп зиёлилар қатлами пайдо бўлармиди, билмайман.

Чунки ҳамманинг ҳам ўқишга кириши учун ўқув курсларига боришга ёки контракт тўлашга имкони йўқ.

Мен ҳам бу борада жуда кўп қийинчиликлар кўрганман, ҳатто автобус учун йўл пули тополмай, дарслардан қолган вақтларим бўлган. Репетитор ҳақини ҳам ойлаб тўлолмаганмиз. Устозим Холбозор Тиловов вазиятимни билгач, қарзлардан воз кечишдан ташқари, кейинги ойлар учун ҳам мендан бир сўм олмай ўқитгандилар.

Германияга келмоқчи бўлганларга тавсиялар

Менга жуда кўпчилик иш масаласида ёзишади. Юртдошларимизга жон деб ёрдам берар эдим. Аммо бу фақат менга боғлиқ эмас. Ҳатто бу борада YouTube саҳифамда бир нечта влоглар тайёрлаб жойлаганман. Келмоқчи бўлганларга биринчи тавсиям — аввало, немис тилини камида А2, B1 даражада ўргансин. Тил билганга йўллар ўз-ўзидан очилаверади.

Нодира Назарнинг яқинда нашр этилган «Ҳад» китоби.

Нодира Назарнинг яқинда нашр этилган «Ҳад» китоби.
Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Ажрашганимдан афсусланмайман

Шахсий ҳаётим ҳақида гапирсам, юқорида айтганимдек, ажрашганман.

Ўша пайтлари одамларнинг маломатлари ичида қолганимда, қиз бола бўлиб туғилганимдан қаттиқ афсусланганман. Бирортасига чиқиб, «ҳеч бир аёл бахтли яшаётган уйини тарк этмайди.

Кетдими, демак, жиддий сабаблар бўлади. Билиб-билмай бировнинг ҳаётини  муҳокама қилманглар» деб айтолмаганман. Оғриқларимни жим ичимга ютганман. Энди аввалгидек, гап сўзларга эътиборли эмасман. Ажрашганимдан афсусланмайман.

Фото: Нодира Назарнинг шахсий архивидан

Бутун Европани кезиб чиқиш орзусидаман

Бугунгача Истанбул, Москва, Санкт-Петурбург шаҳарларида бўлганман. Бутун Европани кезиб чиқиш орзусидаман. Афсуски, менда саёҳатлар учун вақт кам, ҳар куни дарслардан кейин ишлайман. Чунки онам билан боғлиқ орзуларим кўп.

Уларни тезроқ амалга оширишим зарур. Баъзида онам ва жигарларимни қаттиқ соғинганимда Ўзбекистонга бутунлай қайтиб кетгим келади. Бироқ ишларимни ярим йўлда ташлаб кетиш ниятим йўқ. Ўқишни тамомлаш арафасидаман, бир муддат қолиб ишлашни режа қиляпман.

Мабодо, онам «ортга қайт» десалар, ўша куниёқ уйга қайтаман. Чунки уларнинг кўнгли оғришини асло истамайман. Лекин менинг волидам доимо мени дуо қилиб, қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ҳам бегона юртларда ҳеч нарсадан қўрқмайман, ўзимга ишонаман!

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди