Ўзбекистонга Мўғулистондан келтириладиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳажми оширилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида учрашув бўлиб ўтди. Ҳамкорлик бўйича музокараларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев Мўғулистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бацумбер Мунхжин билан учрашди.
Мўғулистонда чорвачилик аграр секторнинг энг ривожланган тармоғи ҳисобланади. Мамлакатда 70 млн га яқин йирик ва майда қорамол бўлса, шундан 35 млн га яқини қўй.
Шунингдек, жаноб Мунхжин бугунги кунда ўзаро товар етказиб бериш асосан қуруқликдаги транспорт орқали амалга оширилаётганини таъкидлаб, шу муносабат билан мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқнинг янги йўлаги сифатида чартер рейсларини йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистондан Мўғулистонга етказиб бериладиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистонда ҳар йили 20 млн тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади ва дунёнинг 100 га яқин давлатига 80 дан ортиқ турдаги янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар экспорт қилинади.
Бундан ташқари, Мўғулистондан гўшт ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми ҳам оширилади.
Томонлар Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг ўзаро савдо ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор корхоналари рўйхатини тузиш бўйича келишувга эришди.
Боғдорчилик ва иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш бўйича икки давлат илмий идоралари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари 2023 йилгача божхона божларидан озод этилиши ҳақида хабар берилганди.