Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Шри-Ланка ўз қўшниларидан озиқ-овқат ёрдамини сўрамоқда, чунки мамлакатнинг қарз инқирози гуманитар фавқулодда вазиятга айланиб бормоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

Фото: Shutterstock

Фото: Shutterstock

Ҳукумат Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлик ассоциацияси томонидан бошқариладиган озиқ-овқат банкидан ёрдам сўрамоқда. Ушбу банк озиқ-овқат инқирози пайтида аъзо давлатларга гуруч ва бошқа асосий маҳсулотлар етказиб берган.

Шри-Ланканинг озиқ-овқат бўйича комиссари Кришнамурти Financial Times нашрига унинг бўлими ариза бериш жараёнини бошлаганини маълум қилди.

Аризада Шри-Ланка ўрта даромад даражаси юқори бўлган, қўшнилари орасида энг гуллаб-яшнаган мамлакатдан хайр-эҳсонлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи учун фавқулодда кредитларга қарам бўлган мамлакатга айланиб бораётганини таъкидланган.

Ўтган ойда 50 млрд доллардан ортиқ халқаро қарзларини тўламаган мамлакат ташқи захиралари амалда тугаб қолгани учун зарурий товарларнинг кескин танқислигидан азият чекмоқда.

Ёқилғи тақчиллиги электр станциялари ёпилиши сабабли узоқ вақтлик узилишларга олиб келди. Шифохоналар эса дори-дармон етишмаслиги сабабли даволанишни кечиктирмоқда.

Ёрдам гуруҳлари юқори инфляция туфайли очлик инқирози кучайиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

 

БМТ Тараққиёт дастурининг Коломбодаги доимий вакили Роберт Жухкамнинг айтишича, Шри-Ланка озиқ-овқатнинг катта қисмини ўзи тўлай олган бўлса-да, вазият шу даражада ёмонлашганки, мамлакатга бепул ёрдам зарур бўлиб қолган.

Президент Готабая Ражапакса ўтган йили тўсатдан кимёвий ўғитларни тақиқлаганидан сўнг, ҳосилдорлик кескин пасайди.

Қарор тезда бекор қилинди, аммо илгари ўзини-ўзи таъминлашга қодир бўлган Шри-Ланкада гуруч импорти ўшандан бери 368 фоизга ошди.

Шри-Ланка зудлик билан бошқа давлатлардан ёрдам сўрамоқда. Ҳиндистон бу йил кредит линиялари ва валюта алмашинуви орқали 3 млрд доллардан кўпроқ маблағ ажратди. Хитой эса бир неча юз миллион доллар кредит таклиф қилди.

Аввалроқ Шри-Ланка Осиё-Тинч океани минтақасидаги XXI асрда дефолт бўлган илк давлатга айланган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар