Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Қувончбек Мустафоев ва Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Баҳодир Жўраев «Дарё» нашри учун берган интервьюсида мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ҳақида батафсил тўхталди.

Қарор лойиҳасида электр энергияси ва табиий газ нархларини ижтимоий норма асосида белгилаш ва ошириш назарда тутилмоқда. Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистондаги ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмоли учун нархлар янги тизим асосида ўзгаради. Хусусан, аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм этиб белгиланмоқда.

1 куб метр табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 минг 200 сўм бўлади. Иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 минг 200 сўмни ташкил қилади. Суюлтирилган газ ҳар куби учун 1 минг 600 сўмдан сотилади.

Қувончбек Мустафоевнинг айтишича, нархларни ўзгартиришга бир неча сабаблар бор.

Қувончбек Мустафоев

Қувончбек Мустафоев
Фото: «Дарё»

«Нархларни ўзгартиришни тақозо қилаётган асосий сабаб электр энергия ишлаб чиқариш, табиий газ қазиб чиқариш корхоналари ва етказиб бериш тармоқларининг эскиргани билан боғлиқ. Уларни янгилаш керак. Шу билан бирга, иссиқлик электр станцияларида фойдали иш коэффициенти 25-30 фоиз. Яъни бу жуда паст кўрсаткич ва маҳсулот таннархининг ошишига олиб келадиган омил. Яна бир муаммо – ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги йўқотилишлар кўплигида. Табиийки, бунда ҳам таннарх ошади», – деди вазирлик вакили.

Баҳодир Жўраев ижтимоий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган табиий газ нархи электр энергиясидан кўпроқ оширилаётганига изоҳ берди.

Баҳодир Жўраев

Баҳодир Жўраев
Фото: «Дарё»

«Электр энергиясининг амалдаги таърифлари соҳадаги харажатларнинг бор-йўғи 66 фоизини қопламоқда. Масалан, то ишлаб чиқаришдан етказиб беришгача 100 сўм харажат қилинса, истеъмолчидан шунинг 66 сўмигина қайтариб олинмоқда. Ўртадаги фарқ шартли субсидия сифатида давлат томондан қоплаб бериляпти. Табиий газдаги кўрсаткич эса бундан ҳам ёмонроқ – 46 фоизни ташкил қилади. Бунда 100 сўм харажат қилинса, шунинг 46 сўми қайтмоқда, қолганини давлат тўламоқда. Кўриниб турибдики, табиий газдан кўрилаётган зарар кўпроқ бўлмоқда. Шунинг учун ижтимоий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси нархи 2 баробар, табиий газники 3 баробар баланд бўлади», – деди мутахассис.

Маълум қилинишича, ҳар бир абонент учун ойлик ижтимоий меъёр махсус ўрганишлар натижасига кўра белгиланган.

«Истеъмол меъёри деган тушунча, бу чегара дегани эмас. Яъни истеъмол учун чегара ўрнатилгани йўқ. Фақат ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан ажратилган субсидияга чегара ўрнатилади. Айнан нима учун электр энергиясига ижтимоий меъёр 250 кВт соат, табиий газга иситиш мавсумида 700, ундан ташқари даврда 200 куб метр белгиланди. Чунки республикада 7,3 милионта электр энергия истеъмол қиладиган абонент бўлса, шундан 80 фоизи бир ойда 200 кВт соатгача ток ишлатади. Қолган 20 фоизи эса жами истеъмолнинг 70 фоизини истеъмол қилади. Бу ерда тенгсизлик мавжуд. Кам сонли аҳоли жуда катта ҳажмдаги электрни истеъмол қиляпти. Табиий газда ҳам худди шундай ҳолат – 85 фоиз истеъмолчи умумий истеъмолнинг 15 фоизини, қолган 15 фоиз абонент 65 фоизини истеъмол қиляпти. Бу давлат томонидан берилаётган субсидияларнинг нотўғри етиб бораётганини кўрсатади. Яъни субсидия унга муҳтож бўламаган одамга етиб боряпти», – деди Қувончбек Мустафоев.

Шунингдек, қарор лойиҳасида йирик корхоналар ва юридик шахслар учун ҳам ёқилғи энергетика ресурсларининг нархлари оширилиши белгиланган. Хусусан, 1 кВт соат электр энергияси Навоий кон-металлургия комбинати (КМК), Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўмдан, қолган юридик шахслар учун 600 сўмдан сотилади. Навоий КМК ва Олмалиқ КМК учун 1 куб метр табиий газ нархи – 1 минг 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 минг 200 сўм, иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 1 минг 150 сўм этиб белгиланмоқда.

Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Оператор: Маъмуржон Обраҳматов

Изоҳ
Асосий янгиликлар