Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Маймунчечакнинг кенг тарқалиши ва янги пандемия келтириб чиқариши даргумон, деди Microsoft асосчиси ва халқаро соғлиқни сақлаш дастурлари сармоячиси Билл Гейтс El Diario нашрига берган интервьюсида.

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

«Чечакнинг кенг тарқалиши эҳтимоли жуда кичик. Агар коронавирус пандемияси бўлмаганида, маймунчечак ҳақида янгиликларда бонг урилмасди», — деди Гейтс.

Унинг таъкидлашича, чечакнинг Европада ноодатий тарқалиши хавотирга арзийди. «Аммо мен бу кейинги йирик пандемияга айланади, деб ўйламайман», — деди у ва шу билан бирга ҳушёр бўлишга чақирди.

Гейтс 50 фоизлик эҳтимол билан яқин 20 йил ичида иқлим ўзгариши сабаб янги пандемия пайдо бўлишини истисно қилмади. У грипп ёки коронавируснинг қандайдир турлари бутун дунёга тарқалиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Интервьюда Гейтс, шунингдек, 2021 йили безгак билан касалланишни камайтиришга ёрдам берган инсектицид чивинлари тармоғини ривожлантиришга киритган инвестицияси ҳақида гапирди.

«Биз генетик жиҳатдан ўзгартирилган чивинлардан иборат усулни синовдан ўтказмоқдамиз, бу иш берса, улар кўпаймайди ва безгакнинг ёйилишига чек қўйиш учун бир неча йил давомида популяцияни кескин қисқартириш мумкин бўлади», — деди Гейтс. У ишланма беш йил ичида тайёр бўлишини тахмин қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам маймунчечакнинг тарқалишини тўхтатиш мумкин, бу оммавий эмлашни талаб қилмайди, деб ҳисобламоқда.

Маймунчечак Африканинг Камерун мамлакатлари, Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси ва Нигерияда эндемик ҳисобланади. Ушбу мамлакатлардан ташқарида касаллик аллақачон 200 дан ортиқ одамда тасдиқланган ва яна 100 дан ортиқ одамда маймунчечак белгилари аниқланган. Бутун дунё бўйлаб тарқалаётган маймунчечакдан ўлим даражаси тахминан 1 фоизни ташкил қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вирус касалланган ҳайвоннинг тишлаши, қони орқали ёки уларнинг гўштини истеъмол қилиш билан юқади. Бошланғич аломатлар қўл ва юзда сувчечакка ўхшаш тошмалар пайдо бўлиши ва юқори иситмадан иборат бўлади.

Маймунчечакни даволаш учун қўлланадиган бирор тиббий восита йўқ, лекин симптомлар кўп ҳолларда икки-тўрт ҳафтадан кейин йўқолади ва одатда ўлимга олиб келмайди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар