«Ўзбекгидроэнерго» АЖда 2022 йил I чорак молиявий хўжалик фаолияти якунлари бўйича ижро органининг ҳисоботи, 2022 йилда амалга ошириладиган ишлар, жамиятда амалга оширилаётган трансформация жараёнлари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган кузатув кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш кун тартибида 11 та масала кўриб чиқилди. Йиғилишда жамият бошқарув раиси Абдуғани Сангинов ва масъул ходимларнинг ҳисоботлари эшитилиб, жорий йил I чорак якунлари бўйича қуйидаги асосий натижаларга эришилганлиги таъкидлаб ўтилди, жумладан:
- электр энергияси ишлаб чиқариш режаси — 120 фоизга;
- инвестиция лойиҳаларини ўзлаштириш режаси — 101 фоизга;
- маҳаллийлаштириш дастури режаси — 100 фоизга;
- саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режаси — 244 фоизга;
- саноат кооперацияси режаси — 100 фоизга бажарилди.
Шунингдек, йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги210-Ф сон фармойиши билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ, McKinsey & Company халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда жамиятда амалга оширилаётган трансформация жараёнларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўз навбатида мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида» 2022 йил 8 апрелдаги ПФ 101-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида, жамият кузатув кенгаши ҳузурида Стратегия ва инвестициялар қўмитаси, Аудит қўмитаси, Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш ва этика қўмитаси ташкил этилиб, қўмиталарнинг таркиби ва низомлари тасдиқланди.
Шу билан бирга, жамиятнинг келгусидаги режа кўрсаткичлари, хусусан ярим йиллик, тўққиз ой ва йил якунига қадар бажариладиган долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди. Кузатув кенгаши томонидан йил якунига қадар умумий қуввати 258 мВт, қиймати 187 миллион доллар бўлган 7 та инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида фойдаланишга топширилиши алоҳида назоратга олиниши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)