Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида фуқарони Швецияга ишга юбориш учун 2 минг доллар олган шахс ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида «Т.Ф.» МЧЖ раҳбари Ш.Ф. фуқаро С.нинг ишончига кириб, уни Швеция давлатига юбориш ва ишга киритиб қўйиш масаласини 4 минг доллар эвазига ҳал қилиб беришни ваъда қилгани аниқланган. Ушбу шахс келишилган пулнинг 2 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда фуқароларни Польшада ишлашга ноқонуний жўнатиш билан шуғулланган фирма аниқлангани, Самарқандда уч нафар фуқарони АҚШга юбориш учун 60 минг доллар олган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.