Бухорода Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирокида ўтказилган сайёр қабулда икки нафар аёл қамоқдан озод қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот котиби Меҳринисо Ҳусаинова хабар берди.
Таъкидланишича, мазкур сайёр қабул Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаменти 6-минтақавий ҳудуд 4-сонли тергов ҳибсхонасида ўтказилган. Бунда муассасада сақланаётган маҳбус ва маҳкума хотин-қизларнинг мурожаатлари ўрганилган.
Сайёр қабулда Бош вазир ўринбосари ҳибсхонада сақланаётган 28 нафар хотин-қиз билан бирма-бир суҳбатлашган. 10 га яқин тергов ва суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари кўриб чиқилган.
Қонунда белгиланган имтиёзлар асосида икки нафар хотин-қизга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси енгиллаштирилиб, ҳибсхонадан чиқарилган. Улар қилган хатти-ҳаракатларидан пушаймонлиги, содир этилган жиноятга билиб-билмай аралашиб қолганини билдирган.
«Ҳар икки аёл ҳам улуғ айём — Рамазон ҳайити олди ўз оиласи бағрига қайтди», — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, бошқарма бошлиғи Феруза Ибрагимова.