Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов 4 май куни Ўзбекистонга ташриф билан келган Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг бугунги йиғилиши самарали ўтганини қайд этган. Мулоқот чоғида икки томонлама кун тартиби ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Олий даражадаги мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини жорий йилда ўтказиш зарурлиги маълум қилинган.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик, айниқса, таълим соҳасидаги алоқаларнинг юқори сурати қайд этилган. Венгрия томони ўзбекистонлик талабаларнинг мамлакат олий таълим муассасаларида таълим олиши учун қўшимча стипендиялар ажратилишини маълум қилган.
Сийярто Ўзбекистоннинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани билдирилган. Турли даражаларда бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати собиқ вазир Абдулазиз Комилов даволаниш учун хорижга жўнаб кетганини маълум қилганди. Хабарда вазир бунгача 10 кун давомида Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида тиббий муолажалар олгани айтилган. 27 ноябрь куни Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
2021 йил декабрида Алишер Комиловга ўринбосар этиб тайинланган Владимир Норов эса ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, унинг зиммасига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилди.
Владимир Норов 2019–2021 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби лавозимида ишлаган.