• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12880.35
    • RUB156.68
    • EUR14535.47
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Маданият

    Қатағонда омон қолган паспорт, Сулаймонқул чопони, «Кеча ва кундуз»нинг илк нашри — Андижондаги Чўлпон ёдгорлик музейидан репортаж

    Маърифатпарвар жадид Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ўзбек миллий тафаккури ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкордир. Унинг адабий мероси ва номини абадийлаштириш мақсадида 1997 йили Андижонда Чўлпон ёдгорлик музейи очилган. Бу масканда сақланаётган нодир экспонатлар ҳар бир ташрифчини қизиқтирмай қўймайди. «Дарё» мухбири ушбу музейдан репортаж тайёрлади.

    25 йиллик музей

    Андижон шаҳрининг Сой даҳасида Чўлпон номи билан аталувчи истироҳат боғи бор. Боғга кираверишда ўйчан қиёфадаги шоир ҳайкали қад ростлаган. Боғнинг бир бурчидаги ғиштин, айвонли бинода ёдгорлик музейи ташкил этилган.

    Фото: «Дарё»

    Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ходими Искандар Мадғозиевнинг айтишича: «Чўлпон туғилиб, яшаган хонадон Андижон шаҳрининг ҳозирги Навоий шоҳ кўчасидаги осма кўприк ва 24-умумтаълим мактаби атрофида бўлган. Бир пайтлар жуда машҳур ҳисобланган «Ямбол» савдо мажмуасининг қурилиши сабаб шоир таваллуд топган уй бузиб ташланган. Шу тариқа уй-музейдан ҳам умид узилган.

    Фото: «Дарё»

    1997 йили Чўлпон таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида ҳукумат қарори чиққан. Шоир шахсиятини абадийлаштириш мақсадида мазкур боғ ҳудуди ободонлаштирилиб, ҳайкал ўрнатилган ва унинг номи берилган. Музей ҳам ўша йили ташкил этилган, унгача умуман бўлмаган. 2016 йили Чўлпон ҳайкали боғнинг киравериш қисмига кўчирилди».

    Сулаймонқул чопони, Ойшабиби сепидаги гилам...

    Музейга кирарканман, даҳлиздан асосий хоналарга ўтишдан аввал тўғридаги ўйга толган Чўлпон портретига кўзим тушди. Таниқли мусаввир Нажмиддин Қозиев чизган бу сурат бирдан диққатни тортади.

    Фото: «Дарё»

    Уч хонадан иборат музейдаги экспонатларни кўриш учун саёҳатимни чап тарафдаги хонадан бошладим. Чўлпоннинг болалигидан ижодининг илк давригача ҳикоя қилувчи ушбу бўлим бурчагида ўзбекона хона ясатиғлиқ.

    Фото: «Дарё»

    «Тарихий суратлар, шоир қариндошларининг фикрларига асосланиб, рамзий маънода Чўлпон туғилган ҳовлини ясаб, безатишга ҳаракат қилганмиз. XIX аср охири ХХ бошларидаги ўзбек хонадонлари тахминан шундай кўринишда бўлган. Бу ердаги буюмларнинг кўпи Чўлпон оиласига тегишли.

    Ойшабибининг келинлик сепидаги гилам

    Ойшабибининг келинлик сепидаги гилам
    Фото: «Дарё»

    Масалан, ёғочдан ясалган мана бу жавон адиб хонадонида кўп йил ишлатилган. Катта эҳтимол билан унинг ўзи ҳам фойдаланган бўлиши мумкин. Шоирнинг онаси Ойшабиби турмушга чиқаётганда келинлик сепида ушбу гилам ҳам бўлган. Деворга илинган чопон Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммадюнус ўғлига тегишли. У савдогар ва зиёли инсон бўлгани учун ўша даврнинг ўзига тўқ кишилари кийган чопон унда ҳам бўлган.

    Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммадюнус ўғлининг чопони

    Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммадюнус ўғлининг чопони
    Фото: «Дарё»

    Ёдгорлик музейи ташкил этилаётган пайтда шоир авлодлари ҳам яқиндан ёрдам бериб, ўзлари сақлаётган кўплаб тарихий ашёларни олиб келиб, топширган. Булар биз учун энг қадрли ва тарихий қийматга эга экспонатлар», — дейди Искандар Мадғозиев.

    Чўлпон шажараси

    Бир неча қадам ташлагач, Чўлпон шажарасидан «сўзловчи» маълумотномага кўзим тушди. Шоирнинг жияни Шарифа Мирзахўжаева тузган шажарада ёзувчининг олти-етти авлоди ва аждодларининг келиб чиқиши Андижоннинг Хўжаобод туманидаги Ёрқишлоққа бориб тақалиши ҳам қайд этилган. Кейинчалик улар Андижон шаҳрига кўчиб келиб, муқим яшай бошлаган.

    Чўлпон шажараси

    Чўлпон шажараси
    Фото: «Дарё»

    «Киндиги тешада кесилган ва аёллар Тешабой деб чақирган»

    Андижонлик таниқли рассом Қамбарали Юсупов чизган сурат ҳам диққатни тортгулик. Унда Чўлпон оила аъзолари: отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммадюнус ўғли, волидаси Ойшабиби Қипчоқбой қизи, сингиллари – Комила, Фозила ва Фоиқага ижод намуналаридан ўқиб бераётгани тасвирланган.

    Таниқли рассом Қамбарали Юсупов чизган сурат

    Таниқли рассом Қамбарали Юсупов чизган сурат
    Фото: «Дарё»

    «Чўлпон Андижон шаҳрида туғилиб, улғайган. Оиланинг тўнғичи бўлган. Аммо унгача икки-уч нафар фарзанд туғилиб, кўп яшамасдан вафот этгани айтилади. Шу боис ирим сифатида Чўлпон туғилганида узоқ умр кўриб, яшаб кэтсин, деган маънода киндигини тешада кесишган. Уни аёллар эркалаб ‘Тешабой’ деб чақирган. Чўлпоннинг ўзи ҳам бир қанча мақолалари, шеърларини Тешабой тахаллуси билан эълон қилган», — дейди тадқиқотчи Мадғозиев.

    «Отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммадюнус ўғли Андижон шаҳрининг энг зиёли, маърифатпарвар шахсларидан бири бўлган. Араб, форс тилларини мукаммал билган, ўзи ҳам шеърлар ёзган, дин масалаларида ҳам билими кучли бўлган. Шунинг учун ҳам Чўлпон ва қизларини мадраса, мактабларда ўқитган. Фарзандларининг таълими учун маблағи, эътибори, вақти ва меҳнатини қизғанмаган.

    Фото: «Дарё»

    Чўлпонни дастлаб мадрасада, сўнг рус тилини пухта ўрганиб, дунёвий билимларни ҳам эгаллашини хоҳлаб, рус-тузем мактабида ўқитган. Ўғлининг барча эҳтиёжларини ортиғи билан таъминлаган. ХХ аср бошларида Россия, Татаристон, Туркияда чиқадиган нашрларга обуна бўлиб, ўғли қатори ўзи ҳам дунё янгиликларидан хабардор бўлиб борган. Мана шундай муҳит туфайли Чўлпоннинг тафаккури, дунёқараши очилиб, фикри юксалган. Жадидчилик ғояларига қизиқиб, келажакда ижодкор бўлишида отасининг ўрни катта», — дея қўшимча қилади у.

    Фуқаролик паспортидан «Кеча ва кундуз»нинг илк нашригача

    Музейда тарихий экспонатлар ўрин олган ўнлаб бурчаклар мавжуд. Аммо фақат биттасига жуда қимматли ашёлар жамланган. Ҳамроҳим улар ҳақида маълумот бераркан, ҳар бири қадрли эканини бот-бот таъкидлади.

    Фото: «Дарё»

    «Мана бу қўлёзма дафтар Чўлпоннинг отасига тегишли. Бунга форс ва ўзбек тилидаги юзлаб шеър ва ғазаллар ёзилган. Мазкур суратдаги қизча ёзувчининг синглиси Фоиқа бўлиб, Чўлпон 10 ёшли синглисини ўзи суратхонага олиб бориб, расмга туширтирган. Сингилларига меҳри жуда баланд бўлган.

    Чўлпоннинг синглиси Фоиқанинг 10 ёшидаги сурати

    Чўлпоннинг синглиси Фоиқанинг 10 ёшидаги сурати
    Фото: «Дарё»

    Сиз кўриб турган Қуръони Карим нусхасини Чўлпонга амакиси туҳфа қилган. Яъни Абдураҳмон ҳожи ҳаж зиёратидан қайтишда жиянига совға учун олиб келган. Бу муқаддас китобни Чўлпон ёшлигида ўқиб, ёд олган. Чўлпонга Қуръони Каримни берган амакисининг паспорти ҳам шу ерда сақланади. Мана бу кўзойнак эса рамзий маънода ясатилган, шоирники эмас.

    Чўлпонга амакиси туҳфа қилган Қуръони Карим нусхаси

    Чўлпонга амакиси туҳфа қилган Қуръони Карим нусхаси
    Фото: «Дарё»

    Бу ердаги энг қиммат ашёларимиздан бири шоир шахсини тасдиқловчи ҳужжатдир. У 1934 йили Москвадан Тошкентга қайтгач, ҳозирги Амир Темур хиёбони атрофида ижара уйда яшаган. 1936 йил 3 июлда Тошкент шаҳри милицияси томонидан фуқаролик паспорти берилган. Ҳужжат маълумотлари ўзбек ва рус тилларида расмийлаштирилган. Унда мазкур паспорт беш йил давомида, яъни 1941 йил 3 июлгача амал қилиши белгиланган. Лекин Чўлпон қатағон туфайли паспортини янгилашга улгурмаган», — дейди Искандар Мадғозиев.

    Чўлпоннинг паспорти

    Чўлпоннинг паспорти
    Фото: «Дарё»

    Паспортда Чўлпоннинг исм-шарифи ўзбек тилида лотин ҳарфлари билан Сулайманов Абдул-Ҳамид Сулайман (рус тилида эса Сулейманов Абдул-Гамид Сулейманович) тарзида ёзилган. Унинг 1897 йили Андижонда туғилгани-ю, миллати ўзбек, хизматчи оиласидан экани, доимий турар жойи Тошкент шаҳридалиги ҳам қайд этилган. ЮБ серияли, 108142 рақамли ушбу паспортда Чўлпоннинг шахсий имзоси қўйилган.

    Чўлпоннинг паспорти

    Чўлпоннинг паспорти
    Фото: «Дарё»

    Тадқиқотчининг айтишича, фуқаролик ҳужжатини у доим ёнида олиб юрган. Қамоққа олинган вақтда ҳам паспорти чўнтагидан чиққан ва ҳужжат НКВД (Ички ишлар комиссарлиги) идорасида ундан олиб қўйилиб, узоқ йиллар ўша ерда сақланган. Чўлпон оқлангач, паспорт авлодларига қайтарилган. Музей очилган пайтда ҳужжат қариндошлари томонидан тақдим этилган.

    «Кеча ва кундуз» романининг илк нашридан биттасининг муқоваси

    «Кеча ва кундуз» романининг илк нашридан биттасининг муқоваси
    Фото: «Дарё»

    «Кеча ва кундуз» романининг илк нашридан биттасининг кириш қисми

    «Кеча ва кундуз» романининг илк нашридан биттасининг кириш қисми
    Фото: «Дарё»

    Мазкур бўлимдан шунингдек, Чўлпоннинг илк ижод намуналари, матбуотдаги чиқишлари, асарлари, ижодий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ва нусхалар ўрин олган. Энг аҳамиятлиси, «Кеча ва кундуз» романининг илк нашридан биттаси мана шу ерда сақланади.

    Ўзбек театр санъатининг оталаридан бири

    Музейдаги иккинчи хона Чўлпоннинг журналистика ва театр соҳасидаги ютуқларига бағишланган. Шоир кўп йиллар «Садойи Туркистон», «Роста», «Садойи Фарғона», «Инқилоб», «Янги шарқ», «Дархон» каби нашрларда фаол чиқишлар қилган, айримларида муҳаррир сифатида ишлаган.

    Фото: «Дарё»

    «Чўлпон Абдулла Қодирий билан елкама-елка туриб, «Муштум» журналига асос солган. Ҳажвий руҳдаги танқидий мақола ва шеърлари журнал саҳифаларида кўп маротаба чоп этилган. У драматург сифатида ҳам жуда баракали ижод қилган. Ўзининг илк мақолаларида Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасидан қаттиқ таъсирланиб, «Бой» номли дастлабки кичик песасини 17 ёшида ёзганини баён этади.

    Кейинчалик, у 20 га яқин саҳна асарларини ёзган. Бизгача «Ёрқиной», «Темирчи», «Муштумзўр», «Ҳужум» каби бештача саҳна асарининг матни етиб келган, холос. Яқинда Россия архивларини ўрганиш жараёнида «Яна уйланаман» номли песасининг рус тилига таржима қилинган матнини топишга муваффақ бўлдик. Матн ўзбек тилига ўгирилди ва яқинда эълон қилиниш арафасида.

    Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ходими Искандар Мадғозиев

    Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ходими Искандар Мадғозиев
    Фото: «Дарё»

    У Шекспирнинг «Ҳамлет», К.Госсининг «Маликайи Турандот», Шиллернинг «Қароқчилар» каби дунё театрининг энг нодир асарларини ўзбекчага таржима қилган. Уни ўзбек театр санъатининг оталаридан бири, дейишимиз мумкин. Чунки ҳам драматург, ҳам санъатшунос олим сифатида ўзбек театри ривожига ижобий таъсир кўрсатган.

    Файзулло Хўжаев ташаббуси билан Москвадаги «Бухоро маориф уйи» қошида биринчи ўзбек драма студияси ташкил қилинади. Чўлпон у ерда адабий эмакдош, таржимон сифатида ишлаб, профессионал ўзбек театрининг шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Драма студиясида Сора Эшонтўраева, Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятов, Обид Жалилов каби санъаткорлар таҳсил олган», — дейди Искандар Мадғозиев.

    «Шахсий ҳаёти ҳам фожиаларга тўла бўлган»

    Учинчи хонада Чўлпоннинг таржимон сифатидаги фаолияти, ижодига оид қилинган илмий ишлар, шахсий ҳаёти, авлодлари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш мумкин.

    «Умри давомида уч марта оила қурган. Биринчи рафиқаси Моҳирўя исмли татар миллатига мансуб ўқитувчи қиз бўлиб, у билан узоқ яшамасдан ажрашади. 1923 йили Солиҳа деган қизга уйланиб, узоқ йил бирга яшайди. Аммо фарзанд кўрмагани ва бошқа сабаблар билан ажрашади.

    Фото: «Дарё»

    1932 йили Москвага кетади ва у ерда Екатерина Ивановна исмли аёлга уйланади. Кейинчалик Тошкентга қайтганида ҳам турмуш ўртоғи билан бирга келади. Чўлпонга нисбатан хуруж, тазйиқ кучайса кучаядики, лекин сусаймайди. Шундай руҳий босимлар туфайли қандли диабет касаллигини орттириб олгани, Сочи шаҳрида даволаниб келгани ҳақида айтилади. У умрининг сўнгги пайтларида моддий томондан қийин аҳволда қолади. Фақат таржима орқали топган қалам ҳақига кун кечиради.

    Фото: «Дарё»

    Рус аёли Екатерина шундай вазиятларда ҳам уни тўғри тушуниб, парваришлайди, ёнида бўлиб, ҳаётининг охиригача бирга яшайди. У садоқатли рафиқа бўлган. Чўлпон қамоққа олиниб, қатағон қилинганидан кейин ҳам анча вақт ўтиб, умр йўлдоши тақдирига қизиқиб, НКВД идорасига хатлар ёзган. Мактублари Чўлпон жиноят иши ҳужжатлари орасида ҳалигача сақланади», — дейди илмий тадқиқотчи.

    Фото: «Дарё»

    Чўлпон 1957 йили шахс сифатида оқланади-ю, ижоди қораланганича қолаверади. Асарларидаги исёнкорлик халққа таъсир қилишидан ҳамиша ҳайиқишган. Ижод намуналари ҳам узоқ йиллар қайта чоп этилмайди.

    «1987 йилга келиб, Озод Шарафиддинов, Наим Каримов каби чўлпоншунос олимлар томонидан унинг мақолалари, китоблари нашр этилди. Бевосита Чўлпон ижоди билан боғлиқ 30 дан ортиқ докторлик ва номзодлик диссертациялари ёқланди, илмий тадқиқотлар қилинди, ўрганишлар олиб борилди.

    Фото: «Дарё»

    1991 йилнинг 25 сентябрида мустақил Ўзбекистон давлат раҳбари Чўлпонни Алишер Навоий номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрган. 1999 йили «Мустақиллик» ордени билан тақдирланган. Уни Чўлпоннинг синглиси Фоиқа ая қабул қилиб олган», — дейди Искандар Мадғозиев.

    Фарзанд кўрмаган адиб

    Чўлпон авлодлари тўғрисида ҳикоя қилувчи стенд ва бурчакдаги маълумотларга кўз югуртираман. Суҳбатдошим бу ҳақда ҳам гапириб беришни маъқул кўрди.

    Фото: «Дарё»

    «Чўлпон фарзанд кўрмаган. Комила исмли синглиси ёшлигидаёқ ҳаётдан кўз юмган. Фозила деган синглиси 1994 йили вафот этган, у ҳам бефарзанд ўтган. Фақат Фоиқа исмли синглиси 8 фарзандни дунёга келтирган. Жиянлари тоғасининг номини абадийлаштириш йўлида анча жонбозлик кўрсатган. Жияни Ўктам Мирзахўжаев Чўлпон асарларини қайта нашр этиш, музей ташкил қилиниши ва экспонатлар бойишида фаол бўлган. Бугунги кунда шоирнинг Маҳмуджон ва Шарифа исмли жиянлари ҳаёт. Улар ҳам анча кексайиб қолган.

    Чўлпоннинг синглиси Фоиқа ая портрети ва унга тегишли кийимлар

    Чўлпоннинг синглиси Фоиқа ая портрети ва унга тегишли кийимлар
    Фото: «Дарё»

    Мана бу суратдаги Фоиқа ая бўлади. Портрет Нажмиддин Қозиев томонидан ишланган. Ушбу кийимлар ҳам Фоиқа аяга тегишли. У аёл 1995 йили вафот этган», — дейди Мадғозиев.

    «Чўлпон ижодига биздан кўра европаликлар кўпроқ қизиқади»

    Айни пайтда «Андижон адабий муҳити» мавзусида илмий тадқиқот олиб бораётган Искандар Мадғозиев ўзбек ёшларининг кўпчилигида Чўлпон ижодига қизиқиш йўқлигини ачиниш билан қайд этди.

    Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ходими Искандар Мадғозиев

    Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ходими Искандар Мадғозиев
    Фото: «Дарё»

    «Чўлпон нафақат ўзбек миллати, яна туркий халқлар озодлиги учун курашган ва шу йўлда жон берган миллий қаҳрамон. У катта шахс. Маънавиятимиз, маданиятимиз тарихида улкан ўринга эга. Чўлпон ижодига Ўзбекистондан кўра Туркия ва бир қанча Европа мамлакатларида қизиқиш катта. Айниқса, Туркияда унинг ижодини ҳурмат қилиб, юксак эҳтиром билдирадиган, илмий ишлар олиб бораётган олимлар кўп.

    Афсуски, ўзбек йигит-қизларининг Чўлпон ижодига нисбатан иштиёқи ҳавас қилгулик эмас. Ушбу музейни экспонатлар билан бойитишга, Чўлпон фаолияти ва шахсиятига қизиқувчиларни жалб этиш учун тарғибот ишларини олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо бу ерга ташрифчилар, ёшларнинг келиши қониқарли даражада эмас. Биз ташвиқот ишларини кучайтириб, ижтимоий тармоқларда фаол бўлишда давом этаверамиз», — дейди у.

    Фото: «Дарё»

    Музей мудири Камолиддин Маматқуловнинг айтишича, музейга кириш катталар учун 3 минг сўм, ёш болалар учун эса 2 минг сўм этиб белгиланган.

    «Бир ойда ўртача 100 нафар атрофида одам келади. Асосан, мактаб ўқувчилари, талабалар. Лекин уларнинг сони кўп эмас. Имкон қадар тарғиб этишга, халқ таълими бўлимлари ва сайёҳлик фирмалари билан ҳамкорлик қиляпмиз. Аммо бу ерга келувчилар сони кўпайишини истаймиз. Чунки Чўлпон оддий бир шахс эмас», — дейди Камолиддин Маматқулов.

    Ёдгорлик музейидан чиқарканман, бир неча соат вақтим қандай ўтганини сезмай ҳам қолдим. Чўлпон ҳақида катта бир китобни мутолаа қилгандек бўлдим, билмаганларимни билиб, билимларим бойиди. Муҳими, адиб ва унинг оила аъзоларига тегишли нодир ашёларни кўришга эришдим. Мабодо, Андижон томонларга йўлингиз тушса, 3 минг сўм пулингиз ва бироз вақтингизни қизғанмай, шу ерни ҳам бир кўриб кетинг.

    Муаллиф: Миролим Исажонов

    16.04.2022, 14:45   Изоҳ (0)   40795
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    UZCARD SHERDOR премиум картаси энди МКБАНКда мавжуд


    ОКМК 2,3 миллиард доллар кредит маблағларини жалб қилди ва 125 миллион доллар молиявий харажатларни иқтисод қилди


    Fonon заргарлик уйи "Бриллиантлар оламига саёҳат" мавзусида навбатдаги мастер-классни Интерcонтинентал меҳмонхонасида ўтказди  


    TENET бутик-девелопер дебют лойиҳа — Stellar Residence сотуви бошланганини эълон қилади


    Молиявий фирибгарлик: мураккаб схемалар бўйича содда тушунчалар 


    HONOR компанияси HONOR 400 Lite смартфонини тақдим этди. Қизиқ, у нимаси билан лол қолдира олади?


    Coca-Cola 139 йиллик илҳом, ажойиб кашфиётлар, машҳур кампаниялар ва бутун дунё севиб қолган таъмни тақдим этмоқда 


    Kapitalbank 2024 йилги Brand Awards International мукофотига сазовор бўлди


    Зиффлеръдан катта тақдимот: янги қиёфа, замонавий дизайн ва ақлли маиший техникалар


    Парвоз — катта шаҳар характерига эга қулай бизнес-класс турар жой


    CHERY билан ўз орзунгизни амалга оширинг: барча моделлар учун бошланғич тўлов пасайтирилди! 


    InfinBANK Global Money Week 2025 да иштирок этди


    “Орзудаги уй” — бугуноқ замонавий уй эгаси бўлишни истаганлар учун ипотека!


    UZTELECOM Тошкентдаги ИWТC 2025 да фаол иштирок этмоқда


    Silk Avia Шаҳрисабзга кўпроқ парвоз қилади

     

    Тавсия этамиз

    “АҚШ ёрдам бермаганида, ғалабага эриша олмасдик” — Иккинчи жаҳон урушида СССР ютуғини таъминлаган яширин ҳақиқатлар

    10 май, 15:00

    “Улар ўз ватани мустақил бўлиши учун курашган эди” — Туркистон легионининг аянчли тарихи

    8 май, 15:09

    Рашидов, газли ичимликлар заводи, Қизил майдон. 9 май — Тошкент тарихидан фотолавҳалар

    7 май, 14:40

    Машҳур патир, ҳамма биладиган қабристон, тор кўчали маҳаллалар. Кадрларда Олмазор

    10 апрел, 10:00
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Дунёдаги энг катта Lego шаҳарчаси қурилди (фото)

    Дунё | 11 май, 23:50

    “Путинни пайшанба куни Туркияда кутаман” — Зеленский

    Дунё | 11 май, 23:25

    Суперлига. “Сўғдиёна” ўз майдонида “Шўртан” билан дуранг ўйнади

    Спорт | 11 май, 22:51

    Қатар Трампга 400 млн долларлик “учар сарой” совға қилмоқчи — ОАВ

    Дунё | 11 май, 22:50

    Швейцарияда аёл қўшни мушукни боққани учун судланди

    Дунё | 11 май, 22:10

    Ла Лига. “Барселона” — “Реал” учрашувида “голлар отишмаси” бўлди

    Спорт | 11 май, 21:35
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.