Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида кун тартибидаги навбатдаги масала давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш ва кўламини кенгайтиришнинг муҳокамасига бағишланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Қайд этилишича, давлат хизматлари тизимини рақамлаштириш орқали маҳалла ва туманда қандай ўзгаришлар бўлиши кўриб чиқилган. Аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида 1 июлдан бошлаб:
- 38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, мобил телефон орқали амалга оширилади (бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, боғчага қабул қилиш ва ҳоказо);
- 6 турдаги лицензия олиш учун талаблар бекор қилинади;
- аҳоли ва тадбиркорлар учун 8 дан ортиқ давлат хизмати бўйича электрон хабардор қилиш тизими жорий этилади;
- аҳоли ва тадбиркорлардан коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинади;
- эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олийгоҳларга киришда тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилади (135 минг сўм).
Шунингдек, давлат хизматлари марказларини қуриш ишларига шахсан вилоят ҳокимлари масъул этиб белгиланган бўлса-да, ҳозирга қадар 43 та марказ биноси фойдаланишга топширилмагани, оқибатда аҳоли сарсон бўлаётгани танқид қилинган. Масалан, Давлатобод, Янгиер, Гулистон, Бўка, Миробод, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманлари, Гулистон ва Олмалиқ шаҳарларида қурилиш ишлари умуман бошланмаган, Нукус шаҳри, Боёвут, Қуйичирчиқ ва Пскент туманларида эса қурилиш ишлари тўхтаб қолган.
Вилоят ҳокимларига 1 сентябрга қадар давлат хизматлари марказлари билан боғлиқ барча қурилишларни якунлаш топширилган.
Мавзуга доир:
- «Жойларда ишлар номигагина бажарилиб, кўзбўямачилик давом этаётганидан хабарим бор». Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» лойиҳасидаги камчиликлар ҳақида
- Бош прокуратурага янги қуриладиган цемент-бетон қопламали йўллар сифатини қатъий назорат қилиш топшириғи берилди
- «Аҳолидан тушаётган таклифларнинг 25 фоизи ички йўллар билан боғлиқ». Шавкат Мирзиёев йўллар сифатини яхшилаш топшириғини берди
Изоҳ (0)