Шарқда китобат илми, чиройли хатлар битиш ва улкан обидаларни безашда хаттотлар хизматидан ўринли фойдаланилган. Араб тили кенг ёйила бошлаган даврларда ривожланган бу санъат Темурийлар, Шайбонийлар, Аштархонийлар, Манғитлар даврида юксак даражада тараққий этган. Яхши хаттотлар ҳукмдорлар саройида талаш бўлган.
Ҳазрати Имом, Имом Бухорий мажмуалари, Бароқхон, Қаффол Шоший мадрасалари, Тиллашайх, Намозгоҳ, Минор, Ислом ота масжидларини безашда иштирок этган, 30 йилдан бери мадрасаларда дарс бериб келувчи, Усмон Мусҳафини кўчиришда қатнашган устоз, хаттот Ислом Муҳаммад эса уларнинг давомчиларидан.
Ҳаммасига оилавий муҳит сабабчи...
Тожикистоннинг Душанбе шаҳриданман. Мактаб ёшимдан чизишга иштиёқим баланд бўлган. Буни кўрган тоғам Мулла Солиҳ араб тилидан саводимни чиқарадилар. 14-15 ёшимда Тошкентга олиб келиб ўғиллари, хаттот Ҳабибулла Солиҳга топширадилар.Улардан шу санъат сир-асрорини ўргандим. Ўша пайтларда биноларга чизадиган хаттотлар кам бўлганидан меъморий мадраса, масжид пештоқлари, меҳроб, гумбаз ёзувларига кўпроқ жалб қилинардим. Ҳазрати Имом, Имом Бухорий мажмуалари, Бароқхон, Қаффол Шоший мадрасалари, Тиллашайх, Намозгоҳ, Минор, Исломота масжидларида ёзувлар ёзишга муваффақ бўлдик.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россиянинг Қозон, Уфа шаҳарлари, Чеченистон, Доғистон, Малайзиянинг 20 дан ортиқ объектлари, Ҳиндистоннинг Кирала, Мумбай шаҳарлари масжидларида ҳам турли хат услубларида ёзувлар ёзганмиз.
Китобларни кўчиришда асосан сулс, куфий, настаълиқ хаттотлик услублари, китобат санъатидан фойдаланамиз.
Хаттотлик — машаққат
Устозимиз билан 3-4 шогирд биргаликда бир ярим йилдан зиёд вақтда ҳижозий Қуръоннинг қадимий Усмон Мусҳафини ҳам кўчирганмиз.Яқинда бир масжидда ишладик. Олти гумбазда турли оят-у, ҳадислар, бир хонақоҳнинг 100 метрли қисмига Ёсин сурасини ёзиб битиришга уч ойча вақтимиз кетди. Хаттотликнинг машаққатли меҳнат эканини шундан ҳам билса бўлади.
Меъморий ишларни ёзиш бир неча босқичда ўтади. Иш кичик ҳажмдаги ёзувларни шаффоф қоғозга жойлаб олиш билан бошланади. Кейин 1:1 ҳажмдаги ёзувларни жойига мослаймиз-да уста, наққош ё кошинкорларга топширамиз.
Усталар ёзувларни нина билан тешиб, ганчли деворга туширишади. Наққошлар бўлса, деворга тушириб, бўёқларда ёзишади. Кошинкорлар эса ёзувларни лойга тушириб, лой ҳолатида қуритади-да, ўша ҳароратда пиширади. Иш битгунгача бизнинг назоратимизда бўлади. Нотўғри кетган жойларини айтиб, йўналтириб турамиз.
Хаттотликни касб эмас, санъат деб билишади ва бу энг тўғриси
1990 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасида толиби илмларга хаттотликни ўргата бошладим. Ўшандан бери ҳам хаттотлик, ҳам устозлик қилиб келаман. Шогирдликка келадиганларга араб ёки форс тилини билишинг керак деган талаб қўймайман. Ёзиш жараёнининг ўзида машқлар билан, бир хат турини бир ойга қолмасдан ҳам ўрганиб кетса бўлади. Фақат бутун куни, вақт-у эътиборини хаттотликка қаратиши лозим.Уларнинг аксари хаттотлик касб қилиш ниятида бўлмайди. Қуръон ёзуви бўлгани учун хаттотлик ҳар қандай одамни ўзига жалб қилади, муҳаббат уйғотади. Ҳаммаси ихлосидан. Оят-у ҳадисларни гўзал ёзадиган бўлай деган мақсадлари бўлади.
Агар чиндан хаттотликнинг этагини тутаман, ўзимни шу ишга бағишлайман деган ниятлари бўлса, бунга йиллар давомида қунт билан шуғулланиш, кўплаб тажрибалар орттириш керак бўлади. Шукрки, бундай шогирдларимиз ҳам бор. Айримлари фақат хаттотлик қилса, бошқалари турли ўқув марказларида устозлик қилишади. Соҳада илмий изланишлар ҳам олиб бораётганлари ҳам учрайди.
Оддий оқ қоғозда асар қадрли бўлмайди
Дунёда 150 дан ортиқ хат тури мавжуд бўлса, диёримизда 10 дан ошиғидан фойдаланилади. Ҳар бир хат ҳарфининг ўлчовлари мавжуд. Улар қаламнинг нуқтаси билан ўлчанади.Бошланғич дарсларда қаламнинг қандай тайёрланиши, қайси сиёҳни ишлатиш кераклиги ҳақида билимлар берилса, амалий ишлари нуқта қўйишни ўрганишдан бошланади. Қалам учи қўл ушлашига қулай — 30 даражагача қия кесилган ҳолатда бўлиши керак.
Агар тўғри кесик қилинса, қаламни тикка ушлашга тўғри келади. Хаттотликда бундай ёзиш имконсиз. Ёзаётганда ҳарфлар зич жойлашмаслиги керак. Хаттот ҳарфнинг қайси масофага бориб тугашини кўра олиши керак. Бунинг учун ўта зийраклик талаб этилади.
Асосан ғарб мамлакатлари, Россия, Эрон, Туркия, Япония, Хитойдан олиб келинган сиёҳлар ишлатилади. Қаламларни эса ўзимиз ариқ бўйларида ўсадиган қамишлардан тайёрлаймиз.
Илгари сиёҳларни ҳам хаттотларнинг ўзи тайёрлашган. Аммо ҳозирда бу бизда йўлга қўйилмаган. Балки олимлар қадимги сиёҳ тайёрлаш услубларини ўрганиб, сиёҳ ишлаб чиқариш қўлланмаларини чиқаришса, бўлиб қолар.
Қоғоз қўлда ишланган, оҳорланган, пишиқ бўлиши керак. Улар ҳам асосан четдан олиб келинади. Масалан, Усмон Мусҳафини Англиядан келтирилган қоғозларда ёзганмиз.
Ўзимизнинг Самарқандда тут дарахтидан ишлаб чиқариладиган қоғозга ҳам яхши асарлар битса бўлади. Аммо оддий оқ қоғозларимизда асар қадрли бўлмайди.
500 йилдан кўп вақт давомида сақланиб келаётган қадимий қўлёзмаларни кўрсангиз, уларда ҳеч бир ўзгариш бўлмаганини пайқайсиз. Бу қоғоз ва сиёҳнинг сифатидан.
Хаттотнинг иши фақат ёзиш эмас
Хаттотнинг иши ёзишдангина иборат эмас. Турли қўлёзмаларни ўқиб беришимизни кўп сўрашади. Улар асосан араб, форс, эски ўзбек тилларида бўлади. Бу тилларни билиш нафақат, турли хат услубларида ижод этиш, шунингдек, қўлёзмаларни ўқишда ҳам асқатади.
Ҳар бир толиби илмнинг хатдан хабари бўлиши керак. Акс ҳолда, қўлёзмаларни ҳам ўқий олмайди. Бугун Қўлёзмалар фондида ўқилмаган китоблар жуда кўп. Буни хатдан хабари бўлган олимларгина ўқий олади.
Хат турларидан хабари бўлмаган одам масжид пештоқларидаги ёзувларини ҳам ўқиёлмайди. Кўрганда шунчаки безак ёки нақшда деб ўтиб кетаверади. Ўқий олгани эса ҳар бир сўзларни юрагидан ўтказади, маъносини англаш билан завқланади.
Хатда ажиб жозиба, оҳанрабо бор
Хаттотлик ёзувига қизиқувчилар ҳар замонда топилади. Қуръони Каримнинг фалон оятини меҳмонхонамга, уйимга ёзиб беринг деб кўп мурожаатлар қилишади. Қизиқиб, фарзандларини ҳам хат ўрганишга қўйишади.Хатда ажиб бир жозиба бор. Ҳатто кўргазмалар ёки устахонамизга келадиган сайёҳлар ҳарфни танимаса-да ёзиб қўйган лавҳаларимиздан таъсирланишади, завқ билан томоша қилишади.
Хат ёзган одамнинг одоб-ахлоқидан ҳам ўзгариш бўлади. Хаттот одам мулойим, беозор, сабрли бўлади. Алишер Навоий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёрдан ҳикматлар, парчалар ёзиб машқ қилиш давомида шогирдлар уларнинг моҳиятини яхши англаб, ҳаётларида қўллай бошлашларини тажрибамда кўп кузатаман.
Устоз хаттотлар саноқли
Ҳамма илмлар каби хаттотлик вақт ўтган сайин ўзгаради, янгиланади.
Тошкентда устозимиз Ҳабибулла Солиҳ янги хат услуби — Нақш хатини яратганлар. 1999 йили Покистонда бўлганимизда уларга янги хат ихтирочиси деб, Парвин унвони берилганди.
Янги хат турлари китобат санъатида эмас, кўпроқ хаттотларнинг ижодий ишларида қўлланилади. Бугун ижодкорлар турли ранглар ва рассомчилик билан уйғунлаштирган ҳолда хаттотлик намуналарини чизишяпти.
Хат турлари жойларга ҳам тааллуқли. Бухорода Насхи Бухорий, Самарқандда сайқал топган настаълиқ, шунингдек, куфий, сулс ва бошқа хат услублари асрдан-асрга ўтган. Қуръон-у, ҳадислар шу услубларда кўчирилган бўлиб, ўз маромига етган ва ўзгартиришга эҳтиёж йўқ.
Ўзбекистонда катта хаттотлар саноқли. Самарқанд, Бухоро, Тошкентдан машҳурларини топиш мумкин. Бизни бириктириб турадиган бирор ташкилот йўқлигидан тарқоқроқмиз.
Рақамлашаётган хаттотлик ёзувлари
Бугунги кунда Ислом цивилизация марказидаги ёзувларни қўлда ёзиб, уни рақамлаштириш билан машғулмиз. Бу ўзига хос ҳолатки, ёзув қанчалик катта бўлса ҳам ёзилгандан кейин ўзгармайди. Рақамлашган ҳолда сақланади.Ўзбекистонда хаттотлик фестиваллари, кўргазма-ю, турли анжуманлар ўтказишнинг йўлга қўйилиши хаттотларимизни саралаш, малакасини ошириш учун катта имконият бўлмоқда.
Бундай анжуманлар халқаро доираларда ҳам мавжуд. Туркия, Покистон, Эрон, араб диёрларида ҳар йили ўтказилади. Бизга ҳам таклифлар бўлади, лекин бориш-келиш харажатлари учун ўзимизнинг имкониятимиз етмайди. Бирор ташкилот томонидан юборилиши йўлга қўйилар деган умидимиз бор.
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини «Дарё»нинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.
Зиёда Рамазонова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтажчи: Маъмуржон Обраҳматов
Изоҳ (0)