Тошкент вилояти «Иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бошқармасида Уй-жой фонди инспекцияси томонидан назорат тадбири ташкил этилиб, қатор камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, «Иссиқлик манбаи» таркибида жами 51 та қозонхона мавжуд бўлиб, уларнинг баланс қиймати қарийб 1,5 млрд сўмни ташкил этган. Аммо назорат тадбир даврида қозонхоналарнинг кадастр ҳужжатлари тақдим этилмаган ҳамда 7 дона қозонхона бошқа шахсларга бериб юборилгани маълум бўлган.
Шунингдек, корхонада умумий қиймати қарийб 6,5 миллиард сўм бўлган қатор молиявий камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан:
- асоссиз киритилган харажатлар — 3,8 миллиард сўм;
- товар моддий бойликларининг камомади — 1,8 миллиард сўм;
- ортиқча тўланган иш ҳақи - 833,3 миллион сўм;
- бошқа шахсларга берилган бинолар қиймати — 46,8 миллион сўм;
- ёнилғи харажатларни ортиқча сарфланиши — 45,5 миллион сўм.
Бундан олдин Бандлик вазирлиги жамғармасига нотўғри ва ортиқча сарфланган салкам 407 млн сўм маблағ қайтарилгани, Ўзбекистондаги боғчаларда 9 ойда 6,6 млрд сўмлик иш ҳақи ва товарлар ўзлаштириб юборилгани, Ўзбекистондаги хорижий корхонанинг бош ҳисобчиси 8,7 млрд сўм маблағни талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилганди.